“Ҳизбуллоҳ” Эронга ҳужум бўлса, четда қололмаслигини билдирди
Олам
−
27 Январь 4696 2 дақиқа
Кеча, 26 январь куни “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати етакчиси Наим Қосим агар Эронга ҳужум қилинса, бу Ливандаги ҳаракатга ҳам таъсир қилишини айтди ва гуруҳ жавоб беришга тайёр эканини билдирди. Етакчининг бу ҳақдаги сўзларини “Presstv” телеканали келтирди.
“Биз ҳар қандай эҳтимолий агрессиянинг нишонига айланамиз ва ўзимизни ҳимоя қилишга тайёрмиз”, деган Қосим ўз тарафдорларига қилган мурожаатида.
Шу билан бирга, у “Ҳизбуллоҳ” қачон ва қандай ҳаракат қилишини ўзи белгилашини, ҳаракат нейтрал томон эмаслигини таъкидлаган.
Қосимнинг сўзларига кўра, Эронга эҳтимолий ҳужум бутун минтақани алангалантиради. У АҚШни Эронга қарши фақат устунликка эришиш эмас, балки глобал ҳукмронликка интилишда айблаган.
Қайд этиш жоиз, 2024 йил ноябрь ойида Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасида келишув тузилган эди. Унга кўра, “Ҳизбуллоҳ” Исроилга ҳужум қилишда ишлатилиши мумкин бўлган инфратузилмани қайта тикламаслиги керак. Исроил Мудофаа кучлари эса агар “Ҳизбуллоҳ” жангчиларини хавф деб ҳисобласа, уларга зарба бериш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади. Шунга қарамай, кейинчалик Ливан ҳудудидан Исроилга ўқ узилгани, шунингдек Исроилнинг Ливан жанубига бир неча бор зарба бергани ҳақида хабарлар келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ҳарбий-денгиз кучларининг Abraham Lincoln авиация ташувчи кемаси Эрондаги можаролар сабаб Яқин Шарққа етиб борганди. Шунингдек, яқин кунларда минтақа яқинида THAAD ракетага қарши мудофаа тизими батареяси пайдо бўлиши кутилмоқда.
Live
Барчаси