Ҳиссиётга берилманг – Тошкент ҳокимлиги тарихий мозаикалар “ўчирилаётганига” муносабат билдирди
Жамият
−
29 Март 2022
7803Аввалроқ, Чилонзор туманидаги “Катта Олмазор” маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларнинг фасад қисмидаги безакли кафелларнинг усти бўялаётгани ҳақида хабар берган эдик. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, бинолардаги тасвирлар устидан бўяб ташланаётгани йўқ, аксинча, мутахассис берган тушунтиришга кўра, кўп қаватли уйлар деворидаги мозаикалар шаҳарнинг диққатга сазовор жиҳатини сақлаб қолишга қаратилган махсус материал билан қопланмоқда. Ишлар тўлиқ якунига етганидан сўнг, материал қум-оқим усули билан ювилади ва мозаика тасвирлари пойтахт аҳолиси кўзи олдида ўзининг бошланғич, бироқ энди мустаҳкамроқ кўринишида намоён бўлади.
Шунингдек, ҳокимлик мазкур масалада ўз фикрини ёзиб қолдирган ижтимоий тармоқ вакилларидан ҳиссиётларга бой саволларни бериш ва ҳақоратли оҳангдаги гапларни ёзишдан аввал, маълумот ва масалаларга аниқлик киритишни, ҳеч бўлмаса, ўз гапида тилга олаётган ҳужжат билан танишиб чиқишни маслаҳат берди.
Унга кўра, берилаётган маълумотлардаги шошқалоқлик у ёки бу давлат идоралари ёҳуд мансабдор шахсларга нисбатан ижтимоий тармоқлардаги хайп ва оммавий ҳужумдан бошқа ҳеч қандай натижа бермаётганини амалиёт бир неча бор кўрсатди.
“Ҳурматли блогер” ўз постида тилга олган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши қарорининг тўлиқ матни билан бу ерда танишиш мумкин”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Чилонзор тумани ҳокимлигининг тегишли мутасаддиларидан олинган маълумотларга кўра, маҳалладаги мазкур уйлар қурилганига 40 йилдан ошганлиги сабабли фасадлардаги мозаикалар ҳам таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Шу боис, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан 2022 йил 3 март санасида қабул қилинган “Тошкент шаҳрида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш тўғрисида”ги VI-57-50-14-0-K/22 сонли қарор асосида пудратчи ташкилот томонидан маҳалладаги 9 қаватли уйларнинг фасадларида таъмирлаш ишлари бошланган.
Лекин шу ерда яшовчиларнинг айримларида таъмирлаш ишларига эътироз бўлгани учун ҳозирда уйларнинг ён қисмидаги кафелли мозаикаларни бўяш ишлари тўхтатилган. Уйларнинг олд ва орқа қисмларидаги фасадларни таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.
LiveБарчаси