Тошкентда кўп қаватли уй фасадидаги тарихий мозаикалар бўяб ташланмоқда

3-саҳифа 13740
image

Ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманидаги “Катта Олмазор” маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларнинг фасад қисмидаги безакли кафелларнинг усти бўялаётгани ҳақидаги эътирозли фикрлар тарқалди. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолатга муносабат билдирди.

“Тошкентнинг айнан марказида жойлашган 9 қаватли уйларнинг фасадларидаги ака-ука Жарскийларнинг ноёб мозаикалари яна вайрон қилинмоқда”, дейди ижтимоий тармоқ вакиллари.

Чилонзор тумани ҳокимлигининг тегишли мутасаддиларидан олинган маълумотларга кўра, маҳалладаги мазкур уйлар қурилганига 40 йилдан ошганлиги сабабли фасадлардаги мозаикалар ҳам таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Шу боис, 2022 йил  3 март  санасидаги VI-57-50-14-0-K/22  сонли “Тошкент шаҳрида таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш тўғрисида”ги Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши томонидан қабул қилинган қарор асосида пудратчи ташкилот томонидан маҳалладаги 9 қаватли уйларнинг фасадларида таъмирлаш ишлари бошланган.

Лекин шу ерда яшовчиларнинг айримларида таъмирлаш ишларига эътироз бўлгани учун ҳозирда уйларнинг ён қисмидаги  кафелли мозаикаларни бўяш ишлари тўхтатилган. Уйларнинг олд ва орқа қисмларидаги фасадларни таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда. 

Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати ҳам изоҳ берди. Унга кўра, агентлик мутахассислари томонидан республикадаги маҳобатли безак санъатининг наъмуналарини сақлаб қолиш мақсадида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Хусусан, Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси томонидан пойтахт бўйлаб ўрганиш ишлари натижасида 150 дан зиёд биноларнинг фасад қисмида тарихий-бадиий аҳамиятга эга мозаикалар аниқланган ва ҳозирда уларни давлат ҳимоясига олиш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашига Тошкент шаҳридаги кўп қаватли бинолардаги маҳобатли санъат асарларини маданий мерос объектлари сифатида белгилаш учун лойиҳалар киритилган бўлиб, олимлар томонидан ўрганилмоқда. 

“Таъкидлаш лозим, мазаикалар маданий мерос обектлари рўйхатига киритилгач, Илмий-эксперт кенгаши хулосасига асосан санъат асарларига етказилган зарар учун қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўрилади”, дейилади хабарда.

Қайд этиш керак, бу кўча муралининг илк бор йўқ қилиниши эмас. Бундан аввал Inkuzart тахаллусли рассомнинг UzAutoMotors монополиясига бағишлаб чизган граффити, ундан сўнг эса бензин нархининг ошиб бориши оддий ўзбекистонликларни “ўлдираётгани” акс этган сурати ҳам йўқ қилинган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманида “Менга ёқади шунақа нарсалар, нега шаҳарда кўпайтирмайсизлар”, деб кўп қаватли уйга чизилган “Дўстлик” муралини мақтаганди. Шунда ёнидаги амалдорлар бундай суратлар янада кўпайтирилаётганини қўшимча қилганди.

Эҳ, афсуски, Президент бундай ижод намуналари, санъат асарлари “каттаконлар”нинг кўзига хунук бўлиб кўринишини билмайди-да. Тўғрисиям-да, ҳокимларнинг бировнинг меҳнати билан нима иши бор?! Уларнинг фикр-хаёли бузиш, қуриш ва бўяш билан банд-ку.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 237
Рейтинг: 3.1
t
×