Ҳиндистонда йўтал дорисидан болалар вафот этди
Олам
−
07 Октябрь 3263 3 дақиқа
Ҳиндистоннинг Мадхья-Прадеш штатида йўтал сиропи қабул қилган 14 нафар бола вафот этди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашрга кўра, бу ҳолат дори ишлаб чиқариш жараёнида сифат назорати стандартларига риоя қилинмаслигидан вужудга келган.
Ҳолат бўйича ишлаб чиқарувчи компанияга жиноят иши қўзғатилган. Иш Ҳиндистоннинг Srisan Pharmaceuticals фармацевтика компаниясига нисбатан очилган. Компаниянинг йўтал сиропи текширилганда, унда асосий эритувчи бўлган пропиленгликол ўрнига ишлатиладиган заҳарли модда – диатилен гликолнинг ортиқча миқдори аниқланган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги йўтал сиропларини, айниқса, болаларда эҳтиёткорлик билан ишлатишга чақирган. Ҳозирда қоидаларни қатъийлаштириш, дори воситалари сифатини яхшилаш ва уларнинг болаларда қўлланиши бўйича чоралар кўриш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Нашрнинг таъкидлашича, Ҳиндистон кўп йиллардан бери ифлосланган йўтал сироплари билан боғлиқ муаммо билан курашиб келмоқда. Бундай сироплар, айниқса, беш ёшгача бўлган болаларда, буйракларнинг жиддий зарарланишига ва кўплаб ўлим ҳолатларига олиб келган. Сўнгги 20 йил ичида бу борада кўплаб ҳолатлар қайд этилган. Жумладан, 2022 йилда Гамбияда Ҳиндистондан импорт қилинган йўтал сиропи туфайли 60 дан ортиқ бола ҳалок бўлган эди.
Шунингдек, ҳиндистонлик шифокор Тарачанд Ёги бу сироп болалар учун хавфсизлигини исботлаш мақсадида ўзи ичишга қарор қилган. Аммо бир неча соат ўтиб у ҳушсиз ҳолда топилган. Айрим манбаларга кўра, вафот этган болаларга дорини ушбу шифокор тавсия қилган.
“Док-1 Макс” иши
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропи Ўзбекистонда 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани хабар қилинганди. Шундан сўнг, вазирлик бу воқеа ҳақида ҳеч қандай баёнот бермади. Жорий йилнинг август ойига келиб, Олий суд матбуот хизмати “Док-1 Макс” сиропидан заҳарланиш оқибатида вафот этган болалар ССВ айтганидек 20 нафар эмас, балки 65 нафар эканини билдирди.
Marion Biotech фармацевтика компанияси эса дори воситалари ишлаб чиқаришда саноат даражасида ишлатиладиган заҳарли моддадан фойдалангани маълум бўлди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Тасдиқланган айблов хулосасига кўра, содир этилган жиноятларда умумий ҳисобда 21 киши айбланмоқда. Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига “қамоққа олиш”, 12 тасига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” ва 2 тасига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Уларга нисбатан Жиноят кодексининг жами 11 моддасида назарда тутилган айбловлар қўйилган. Булар:
- 1. 184-модда – солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш;
- 2. 28-модда – жиноят иштирокчиларининг турлари;
- 3. 186-3-модда – Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш;
- 4. 25-модда – жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш;
- 5. 205-модда – ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш;
- 6. 207-модда – мансабга совуққонлик билан қараш;
- 7. 209-модда – мансаб сохтакорлиги;
- 8. 210-модда –пора олиш;
- 9. 211-модда – пора бериш;
- 10. 212-модда – пора олиш-беришда воситачилик қилиш;
- 11. 228-модда – ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш.