Ҳиндистон Зеленскийни G20 саммитига таклиф қилмади
Олам
−
08 Июнь 2023
8133Ҳиндистон Йигирмалик гуруҳи (G20) раиси сифатида жорий йилнинг сентябрь ойида Нью-Деҳлида бўлиб ўтадиган саммитга Украина Президенти Владимир Зеленскийни таклиф қилмади. Бу ҳақда бугун, 8 июнь куни Ҳиндистон ОАВлари учун ўтказилган брифингда республика Ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар маълум қилди.
“Бизнинг фикримизча, G20 саммитида унга аъзо давлатлар ҳамда биз таклиф қилган мамлакатлар ва ташкилотлар иштирок этади. Биз G20 раислигини қабул қилганимиздан сўнг дарҳол таклиф этилганлар рўйхатини эълон қилганмиз”, деди Жайшанкар.
Унинг айтишича, G20 нинг расмий сайтида саммитда иштирок этадиган мамлакатлар етакчилари рўйхати эълон қилинган. G20 га аъзо давлатлар раҳбарларидан ташқари яна тўққизта давлат – Бангладеш, Миср, Маврикий, Нидерландия, Нигерия, Уммон, Сингапур, Испания ва Бирлашган Араб Амирликлари етакчилари ҳам саммитга таклиф этилган.
Маълумот учун, Ҳиндистон G20 га ўтган йилнинг 1 декабридан бери раислик қилмоқда. 2023 йилнинг 9-10 сентябрь кунлари Нью-Деҳлида 18-бирлашиш саммити бўлиб ўтади. Унда G20 аъзоси бўлган Россия Президенти Владимир Путин ҳам қатнашиши мумкин. Унинг матбуот котиби Дмитрий Песков Россия етакчисининг Ҳиндистондаги G20 саммитида иштирок этиши ҳақидаги қарор қўшимча равишда қабул қилинишини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтган G20 саммитида дунё лидерлари иштирок этганди. Мазкур тадбирда Украина Президенти Владимир Зеленский видеоконференция режими орқали қатнашган бўлса, Россия Президенти Владимир Путин бандлиги важи билан Балига бормаганди. Унинг ўрнига Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок этганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь