G20 якунида инсоният учун муҳим декларация қабул қилинди

Олам 9959
image

Бугун, 16 ноябрь куни Индонезиянинг Бали оролида бўлиб ўтган G20 (йирик иқтисодиётли 20 та давлат) давлат раҳбарлари глобал ўртача ҳароратнинг Цельсий бўйича 1,5 даражага кўтарилишини чеклаш ҳақида келишиб олди. Катта йигирматалик кўмирдан фойдаланишни босқичма-босқич камайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни тезлаштириш зарурлигини ҳам тан олган. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.

G20 давлатлари биргаликда эълон қилган декларацияда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича Конвенциясининг мақсадини амалга ошириш бўйича мажбуриятларини яна бир бор тасдиқлаган.

“Биз етакчилик ролимизни ҳисобга олиб, Париж келишуви ва унинг ҳарорат мақсадини тўлиқ ва самарали амалга оширишни кучайтириш орқали иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Конвенцияси (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси) мақсадига эришиш йўлида қатъий мажбуриятларимизни яна бир бор тасдиқлаймиз”, дейилади саммит якунида эълон қилинган декларацияда.

Жаҳон ҳукуматлари 2015 йилда Францияда бўлиб ўтган БМТ саммити чоғида глобал ҳароратнинг ўртача ўсиш даражасини Цельсий бўйича 1,5 даражагача чеклашга ҳаракат қилишга келишиб олган. Бу Париж келишуви номини олган. Келишув глобал иқлим ўзгаришларига қарши курашиш йўлида катта ютуқ сифатида кўрилади.

“Биз ҳароратнинг 1,5 даражагачагача кўтарилишини чеклаш бўйича саъй-ҳаракатларни давом эттиришга қарор қилдик. Бу барча мамлакатлардан мазмунли ва самарали ҳаракатлар ва мажбуриятларни талаб қилади”, дейилади G20 баёнотида.

Шунингдек, декларацияда самарасиз қазилма ва ёқилғи субцидияларини босқичма-босқич бекор қилиш бўйича халқаро мақсад яна бир бор тасдиқланган. Ривожланган давлатлар иқлим ўзгаришлари сабали юзага келаётган муаммоларни юмшатиш учун йилига 100 миллиард доллар ажратиш мажбуриятларини бажаришга чақирилган.

Эслатиб ўтамиз, Индонезиядаги G20 саммити кеча, 15 ноябрь куни ўз ишни бошлаган эди. Унда дунёнинг энг катта лидерлари иштирок этди. Россия Президенти Владимир Путин эса бандлиги сабабли саммитда қатнашмади. Шунингдек, Украина Президенти Владимир Зеленский катта давлатларнинг раҳбарлари билан видеоконфренция режими орқали боғланган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 137
Рейтинг: 3
t
×