Ҳиндистон Озарбайжоннинг ШҲТга тўлақонли аъзолигини блоклади
Олам
−
02 Сентябрь 2025 12874 3 дақиқа
Ҳиндистон Озарбайжоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) тўлақонли аъзолик аризасини блоклади. Бу ҳақда ушбу масаладан хабардор расмийларга таяниб, AnewZ телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, бу ҳодиса Покистоннинг Арманистон билан дипломатик муносабатларни кўриб чиқиш ҳақидаги қарори фонида юз берган. Расмийларнинг сўзларига кўра, Ҳиндистоннинг позицияси Озарбайжоннинг Покистон билан “биродарлик” муносабатлари билан чамбарчас боғлиқ.
Озарбайжон расмийлари телеканалга берган изоҳида Ҳиндистон қарори кўп томонлама дипломатия тамойиллари ва “Шанхай руҳи”га зид эканини, улар икки томонлама низоларни кўп томонлама платформаларга олиб чиқмасликни назарда тутишини билдирган.
AnewZ манбаларининг хабар беришича, Исломободнинг Арманистон билан дипломатик алоқалар ўрнатиш ҳақидаги яқиндаги қарори Баку билан маслаҳатлашувлардан кейин қабул қилинган ва бу воқеани Вашингтонда бўлиб ўтган Арманистон-Озарбайжон музокараларининг бевосита натижаси сифатида кўриш лозим. Жорий йилнинг 31 август куни Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Покистон ТИВ раҳбари Муҳаммад Исъҳоқ Дор билан учрашган. Томонлар давлатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатиш тўғрисида коммюнике имзолаган. Бунгача Исломобод Ереван билан дипломатик муносабат ўрнатмаган. Исломобод шу йўл билан Бакуни қўллаб-қувватлашини билдирган.
“Azertac” нашрининг хабар беришича, кеча, 1 сентябрь куни Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев Тяньцзинда Покистон Бош вазири Шахбоз Шариф билан учрашган. Учрашув давомида Алиев Ҳиндистон “Покистонни қўллаб-қувватлагани учун Озарбайжондан халқаро ташкилотларда ўч олишга ҳаракат қилмоқда”, дея баёнот берган. Бундан ташқари, Озарбайжон раҳбари Покистонни “Ҳиндистонга қарши ғалаба ” билан табриклаган. Бунда гап жорий йилнинг май ойида Ҳиндистон ва Покистон армиялари ўртасида бир неча кун давом этган тўқнашувлар ҳақида кетмоқда.
Арманистон ҳам ШҲТда “мулоқот бўйича ҳамкор” мақомига эга. Арман матбуотининг ёзишича, мамлакатнинг ташкилотга аъзолигини Покистон тўсиб қўйган. Арманистон ТИВ бу маълумотни тасдиқламаган, аммо рад ҳам этмаган.
“Биз ҳозирча бу жараён тафсилотларига тўхталиб ўтмаймиз, аммо шуни айта оламизки, Арманистоннинг аъзоликка оид масаласида етарлича конструктив ёндашув ва ўзаро тушунишни кўряпмиз. Шу асосда биз ШҲТга аъзо манфаатдор давлатлар билан ҳамкорликни давом эттирамиз ва ташкилот билан ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантириш йўлида ишлаймиз”, дейилади вазирликнинг “Баграмян 26” Telegram-каналида эълон қилинган ОАВ саволига жавобида.
Маълумот учун, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти – бу ўнта давлатдан иборат халқаро бирлашма: Ўзбекистон, Россия, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Беларусь. У 2001 йил 15 июнда ушбу давлатлар раҳбарлари иштирокидаги учрашувда Хитойнинг Шанхай шаҳрида ташкил этилган бўлиб, ташкилот номи ҳам шундан келиб чиққан.
Афғонистон ва Мўғулистон ШҲТ ҳузуридаги кузатувчи давлатлар ҳисобланади. Шунингдек, Осиё ва Африканинг 14 давлати “ШҲТ мулоқот бўйича ҳамкор” мақомига эга ва Озарбайжон ҳам шулар жумласидан.
Live
Барчаси