Ҳиндистон конидаги портлашда 18 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
06 Февраль 1704 1 дақиқа
Кеча, 5 февраль куни тунда Ҳиндистоннинг шимоли-шарқида жойлашган Мегҳалая штатида ноқонуний кўмир конида содир бўлган портлаш оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “The Hindu” нашри хабар берди.
Полиция баёнотига кўра, қутқарув ишлари давомида портлаш жойидан 18 кишининг жасади топилган. Шарқий Жаинтиа Ҳиллс тумани расмийси Маниш Кумар яна саккиз киши жароҳат олганини билдирган.
Маълум қилинишича, портлаш содир бўлган кон “каламуш тешиги” деб аталадиган ноқонуний кон бўлиб, бундай конлар 2014 йилда экологик ва хавфсизлик сабабларига кўра расман тақиқланган. Шунга қарамай, улар айрим ҳудудларда ҳануз фаолият юритмоқда.
Кондаги портлашдан кейин ёнғин чиқиб, ҳудудда заҳарли газ тўплангани маълум қилинган. Ҳозирда ҳолат бўйича суд-тиббий экспертиза текширувлари олиб борилмоқда.
Мегҳалая штати бош вазири Конрад Кoнгал Сангма воқеа юзасидан кенг қамровли тергов ўтказилишини маълум қилган. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Колтан конида юз берган қулаш оқибатида 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлганди. Фожиа ер қатламининг юмшоқлиги ва намлиги сабаб содир бўлгани айтилмоқда.
Жамшидбек Амиров
Live
Барчаси