Ўзбекистон ўлимга олиб келувчи Нипаҳ вируси сабаб Ҳиндистонга чекловлар ўрнатди (видео)
Жамият
−
18:43 2079 2 дақиқа
Нипаҳ вируси сабабли Ўзбекистонга Ҳиндистондан ҳайвонлар ва қушларни олиб келиш тақиқланди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.
Унинг билдиришича, Ўзбекистон Республикаси Бош давлат ветеринария инспекторининг қарорига биноан Ҳиндистон Республикасининг барча ҳудудларидан тирик ҳайвонлар ва қушларни олиб киришга, шунингдек, ушбу давлатнинг Ғарбий Бенгалия штатидан давлат ветеринария хизмати назорати остидаги барча турдаги товарлар импортига 2026 йил 29 январдан эътиборан вақтинча чеклов ўрнатилган.
Чеклов Нипаҳ вирусининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келишининг олдини олиш мақсадида ўрнатилган.
Ҳужжатда Халқаро ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш ташкилоти (WOAH) хамда очиқ манбаларда эълон килинган маълумотларга кўра, Ҳиндистон Республикасининг Ғарбий Бенгалия штатида Нипаҳ вирусининг тарқaлиши билан боғлиқ мураккаб эпидемиологик вазият юзага келгани таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ҳиндистоннинг Калькутта шаҳри яқинида Нипаҳ вирусининг ўлим билан кечувчи ҳолати қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди. Ғарбий Бенгалия штатида ушбу вирус билан касалланишнинг беш ҳолати аниқланган бўлиб, улардан учтаси ўтган ҳафта қайд этилган. Хусусан, шифокор, ҳамшира ва тиббиёт муассасаси ходими зарарланган.
Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, мамлакатда Нипаҳ вируси билан касалланиш ҳолатлари ҳамда унинг ҳудудга кириб келиши қайд этилмаган. Шунингдек, мамлакатдаги эпидемиологик вазият барқарор ва тўлиқ назорат остида.
Live
Барчаси