Ҳиндистон компанияси илк хусусий орбитал ракетани учурди

Технология

image

Бугун, 18 июль куни Ҳиндистоннинг Skyroot Aerospace хусусий аэрокосмик компанияси мамлакатда тўлиқ хусусий сектор томонидан ишлаб чиқилган биринчи орбитал ракета – Vikram-1’ни муваффақиятли учирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, Vikram-1 ракетаcи Шрихарикотадаги Сатиш Дҳаван космик марказидан учирилган ва тахминан 15 дақиқадан сўнг ўз юкларини Ердан 450 километр баландликдаги орбитага муваффақиятли жойлаштирган. Шу тариқа Ҳиндистон хусусий компания орқали орбитал ракета учириш имкониятига эга бўлган дунёдаги учинчи давлатга айланди.

Парвоз дастлаб белгиланган вақтда қисқа муддатга тўхтатилган, кейин эса қайта режалаштирилиб амалга оширилган. Маълум қилиниича, “Mission Aagaman” деб номланган ушбу парвоз ракета двигатели, авионика, телеметрия, бошқарув, навигация ва назорат тизимларини ҳақиқий парвоз шароитида синовдан ўтказиш ҳамда келгусидаги тижорат учиришлари учун маълумот тўплаш мақсадида ташкил этилган.

“Ушбу миссия катта муваффақият билан якунланди. Бу синов парвози. Доимий тижорат парвозларига ўтишдан аввал яна бир нечта шундай синовларни ўтказамиз”, дейилади компания баёнотида.

Маълумот учун, 2018 йилда ташкил этилган Skyroot Aerospace Ҳиндистон космик соҳаси хусусий инвесторлар учун очилганидан кейин тез ривожланган стартаплардан бири ҳисобланади. Компания жорий йил бошида мамлакатнинг 1 миллиард долларлик баҳога эришган биринчи космик компаниясига айланган.

Қайд этиш жоиз, Vikram-1 кичик сунъий йўлдошларни учириш бозорида рақобат кучайиб бораётган бир пайтда синовдан ўтказилган. Бу бозорда стартаплар Илон Маскнинг SpaceX компанияси каби йирик иштирокчилар билан рақобатлашишга интилмоқда. Баландлиги тахминан 22 метр бўлган Vikram-1 паст Ер орбитасига 350 килограммгача юк олиб чиқишга мўлжалланган. Ракета учта қаттиқ ёқилғили босқич ва 3D-принтерда тайёрланган двигателга эга суюқ ёқилғили орбитал тузатиш модулидан фойдаланади. Компаниянинг маълум қилишича, бу технологиялар Ҳиндистонда биринчи марта қўлланилмоқда.

Ракета Ҳиндистон ва хориждаги ташкилотларга тегишли бир нечта тажриба ҳамда тижорат юкларини, жумладан, технология намойиш этувчи сунъий йўлдошлар ва орбитадаги илмий экспериментларни олиб чиққан. Ушбу парвоз 2022 йилда амалга оширилган Vikram-S суборбитал миссиясининг давоми ҳисобланади. Ўшанда Skyroot Ҳиндистон ҳудудидан хусусий компания томонидан учирилган илк ракетага муаллифлик қилган эди.

Ҳиндистон 2020 йилда космик соҳани хусусий инвестициялар учун очиб, стартапларга ракета, сунъий йўлдош ва учириш хизматларини мустақил ишлаб чиқиш имконини берган. Ҳукумат мамлакатнинг жаҳон космик иқтисодиётидаги улушини ҳозирги тахминан 8 миллиард доллардан 2033 йилгача 44 миллиард долларга етказишни мақсад қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой денгиз платформасига ўрнатилган махсус тўр орқали ракета тезлаткичини қайтариб олиш бўйича тажрибавий тизимни муваффақиятли синовдан ўтказганди. Бу янгилик ортидан Хитой аэрокосмик компаниялари акциялари кескин қимматлаганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг