Ҳибсга олинган боксчи ва бекор қилинган катта жанглар – Спорт дайжести

Спорт

Бугун Европада бошланган катта футбол байрами, Жаҳон чемпионати сари мағлубиятсиз одимлаётган Ўзбекистон терма жамоаси ва 4 та камар учун жанг қиладиган Муроджон Аҳмадалиев ҳақида гаплашамиз. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.
Маҳмуд Муродов Octagon MMA билан шартнома тузди.

Ўзбекистонлик аралаш яккакураш устаси Маҳмуд Муродов Чехия ва Словакия давлатларида жанглар ташкил этадиган Octagon MMA лигаси билан шартнома имзолади. Бу ҳақда лига ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида хабар берди.

Ўз вақтида 34 ёшли Муродов айнан мазкур лигада жанглар ўтказган. У 2019 йилда Octagon MMA лигасининг 2 та турнирида қатнашиб, Альберто Перейра Уда ва Уэнделл Оливейра Маркес каби жангчиларни нокаутга учратган.

Қайд этиш жоиз, Маҳмуд Муродов май ойида UFCʼдаги охирги жангларини бекор қилгани боис ташкилотдан четлатилганди.

Маълумот учун, Octagon MMA лигаси 2016 йилда ташкил топган. Ҳозирда ташкилотнинг ижтимоий тармоқлар ва YouTube’да 450 минг дан ортиқ обуначилари бор.

Америкалик машҳур боксчи ҳибсга олинди

Америкалик боксчи Райан Гарсия Калифорния штати Беверли-Хиллз шаҳрида бузғунчиликда айбланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда ESPN хабар берди.

Спортчи яшаётган меҳмонхона уни 15 минг доллардан ошиқ мулкка зарар етказганликда айблаганидан сўнг, Гарсия 8 июнь куни ҳибсга олинган. Ҳибсга олинганидан кейин Гарсия соғлиғи билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилди. Сўнгра у даволаниш учун шифохонага ётқизилди. 

Гарсиянинг адвокати Дарин Чавеснинг айтишича, боксчи онасининг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли оғир кунларни бошдан кечирмоқда.

“Райан кўп йиллар давомида руҳий саломатлик билан боғлиқ курашлар ҳақида очиқ гапирди. Айни пайтда қаттиқ стрессда. Мухлислар ва жамоатчиликнинг қўллаб-қувватлаши унга шахсий муаммоларини енгишда жуда муҳим. Райанни қўлдан келганча қўллаб-қувватланг. Бизнинг жамоамиз унга керакли ёрдамни кўрсатади”, дейди Чавес.

Маълумот учун, Гарсия 25 ёшда. Унинг профессионал рингдаги ҳисобида 25 ғалаба ва битта мағлубияти бор. Май ойида спортчи Жаҳон бокс кенгаши (WBC) версияси бўйича собиқ чемпион Девин Хейнига қарши жанг қилиб, ғалаба қозонганди.

Эрон-Ўзбекистон ўйинида ҳисоб очилмади

 11 июнь куни футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаши доирасида Эрон-Ўзбекистон баҳси бўлиб ўтди.

“E” гуруҳи ғолиблиги учун Теҳрондаги "Озодий" стадионида кечган баҳс нурсиз дуранг билан якунланди. Шундай қилиб, Ўзбекистон ҳам, Эрон ҳам бир хил 14 очко жамғариб, саралашнинг 3-раундига йўл олди.

Эрон тўплар нисбатининг яхшилиги боис гуруҳда 1-ўринни банд этди. Энди жамоалар 3-раундда уч гуруҳга бўлинган ҳолда Жаҳон чемпионати йўлланмаси учун баҳс олиб боради.

Маълумот учун, 3-босқич ўйинлари сентябрь ойида старт олади. Осиёдан Жаҳон чемпионатига 8 жамоа тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритади. Яна битта жамоа эса яримта йўлланма учун курашади.

Расман: WBA Наоя Иноуэ – Муроджон Аҳмадалиев жангига буйруқ берди

Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA ) иккинчи энг енгил вазн тоифаси чемпиони, япониялик Наоя Иноуэга ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиевдан мажбурий ҳимоя жанги ўтказишга буйруқ берди. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.

Ташкилот томонларга расмий мактуб юбориб, ҳар икки жамоага музокара учун 30 кун муҳлат берди. Томонлар 14 июлга қадар жанг борасида келишувга эришиши керак.

Регламентга кўра, чемпион камарни қўлга киритган кундан бошлаб 9 ой ичида мавжуд бўлган энг яхши даъвогарга қарши унвонини ҳимоя қилиши керак.

Иноуэ 2023 йилнинг 26 декабрида чемпионликни қўлга киритган ва унинг мажбурий ҳимояси шу йилнинг 25 сентябридан кечиктирмай ўтказилиши керак. WBA йўналишидаги мажбурий даъвогар эса айнан ўзбекистонлик Муроджон Аҳмадалиев бўлиб турибди.

Агар белгиланган муддатда келишувга эришилмаса, промоутерлар ўртасида очиқ ким ошди савдоси ўтказилади.

Маълумот учун, WBA ва IBF йўналишларида собиқ жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев ҳозирда АҚШда машғулотларни давом эттирмоқда.

Макрегор-Чендлер жанги бекор қилинди

Машҳур ирландиялик MMA жангчиси, енгил ва энг енгил вазн тоифасида собиқ икки карра UFC чемпиони Конор Макгрегор ҳамда 70 кг вазн тоифасида собиқ UFC чемпиони америкалик Майкл Чандлер ўртасидаги жанг расман бекор қилинди. Бу ҳақда ташкилот раҳбари Дана Уайт ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Макгрегор ва Чандлер ўртасидаги жанг 29 июнь куни Лас-Вегасда UFC 303 турнирида бўлиб ўтиши керак эди.

3 июнь куни лига раҳбарияти Дублинда Конор Макгрегор ва Майкл Чандлер иштирок этиши керак бўлган матбуот анжуманини бекор қилди, бу эса жангнинг эҳтимолий бекор қилиниши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларга сабаб бўлди ва якунда тўқнашув ҳақиқатдан ҳам бекор қилинди.

Маълумот учун, Макгрегор охирги марта Дастин Порьега қарши иккита жанг ўтказган. 2021 йил январида ирландиялик иккинчи раундда нокаут билан ютқазган, ўша йилнинг июль ойида ўтказилган баҳсда эса Конор биринчи раундда техник нокаутга учраган.

Чеченистонлик енгилмас жангчи Ҳамзат Чимаев шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда яна бир MMA жангчиси Муҳаммад Эскерхонов Instagram саҳифаси орқали маълум қилди.

“Ҳар бир қийинчиликдан кейин енгиллик келади”, деб ёзган Эскерхонов.

Қайд этиш жоиз, Чимаев 22 июнь куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган UFC турнирида австралиялик Роберт Уиттакер билан жанг ўтказиши керак эди, бироқ Ҳамзат жароҳат олгани боис жанг бекор қилинди. 

30 ёшли Чимаев MMA'даги фаолияти давомида жами 13 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. Чимаев олти марта рақибларини нокаут билан мағлуб этган. Ўтган йилнинг октябрь ойида UFC 294 турнири доирасида бўлиб ўтган сўнгги жангида спортчи Камару Усмон билан тўқнаш келиб, ҳакамлар қарорига кўра рақибидан устун келган. 33 ёшли Уиттакер ҳисобида 25 ғалаба ва 7 мағлубият бор.

Нодирбеклар курашида ғолиб аниқланди

Тошкентда бўлиб ўтган “Uzchess Cup” турнирида Нодирбек Ёқуббоев охирги турдаги дурангдан сўнг “Masters” гуруҳида чемпионликни қўлга киритди.

Турнирнинг сўнгги турида Нодирбек Ёқуббоев хитойлик Юй Ян И билан дуранг ўйнади. Шу тариқа Ёқуббоев 5,5 очко билан  “Masters” гуруҳида чемпион бўлди ва 25 минг доллар мукофот пулини қўлга киритди.

2-ўринни эгаллаган Нодирбек Абдусатторов ҳам чемпион билан бир хил натижа қайд этди, лекин қўшимча натижаларга кўра у Нодирбек Ёқуббоевга 1- ўринни бой берди. 2-ўринни эгаллаган Нодирбек Абдусатторов 20 минг доллар, 3-ўринни қўлга киритган хитойлик Юй Ян И эса 15 минг доллар мукофот пули олди.

Маълумот учун, 6 июнда бошланган мазкур турнир ўтган йили декабрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган шахмат бўйича Жаҳон чемпионатидан сўнг, Ўзбекистонда ўтказилган энг йирик шахмат турнири ҳисобланади. Турнирнинг умумий мукофот миқдори 166 минг АҚШ долларини ташкил этди. Мусобақада  “Masters”, “Challengers” ва “Futures” гуруҳлари бўйича рейтинги 2500 дан юқори шахматчилар иштирок этди.

Ўзбекистонда ўтадиган футзал Жаҳон чемпионатининг ўйинлар мундарижаси эълон қилинди

Шу йилнинг 14 сентябридан 6 октябрига қадар Ўзбекистоннинг 3 та шаҳри Тошкент, Бухоро ва Андижонда ўтказиладиган футзал бўйича Жаҳон чемпионатининг ўйинлари ўтказилиш вақти белгиланди. Бу ҳақда Халқаро футбол федерацияси (FIFA) ўз расмий сайтида хабар берди. 

Манбага кўра, деярли барча ўйинлар маҳаллий вақт билан 17:30 ва 20:00 да старт олади. Мусобақанинг дастлабки икки кунидаги 2 та ўйин бошланиши соат 15:00 га белгиланган. Ярим финаллар ва финалга старт ҳуштаги ҳам 20:00 да чалиниши кўзда тутилган.

Испаниялик мутахассис Хосе Венансио Лопес мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси гуруҳ босқичидаги барча ўйинларини Тошкент шаҳридаги “Ҳумо арена”да ўтказади. 

“A” гуруҳидан жой олган “оқ бўрилар”га Нидерландия, Парагвай ва Коста-Рика рақиблик қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Спорт дайжести

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг