Осиё ўйинларидан маҳрум бўлган Тошкент – Спорт дайжести

Таҳлил

Озиб-ёзиб Ўзбекистонга катта ҳажмдаги йирик комплекс мусобақа ишониб топширилганди, бироқ турли сабабларга кўра мезбонлик Ўзбекистондан олиб қўйилди.  Энди 289 миллион долларлик лойиҳа тақдири нима бўлади? Ортда қолаётган ҳафта Тошкентнинг Осиё ўйинлари мезбонлигидан маҳрум бўлиши, миллиардер Алишер Усмоновнинг эски лавозимига қайтиши ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев раислигидаги Пахтакор клубининг келгуси тақдири билан боғлиқ воқеалар билан ёдда қолди. Шу мавзулар юзасидан батафсил бугун QALAMPIR.UZ’нинг Спорт дайжестида сўз очамиз. Ассалому алайкум.

Тошкент Осиё ўйинларига тайёр эмас

Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ўзбекистондан Осиё ўйинлари мезбонлигини олиб қўйиб, 2025 йилги Осиё ўсмирлар ўйинларини Баҳрайнга ишониб топширди. Мазкур ҳолат юзасидан Миллий олимпия қўмитаси расмий баёнот билан чиқди.

Қайд этилишича, бугун, 2 декабрь куни Осиё Олимпия кенгаши (ООК) Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтган. Онлайн форматда ташкил этилган мажлис кун тартибидан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Спорт вазирлигининг мурожаатини кўриб чиқиш ҳам ўрин олган.

Пандемиядан кейинги чекловлар сабабли Олимпия шаҳарчаси қурилиши учун зарур воситалар етказиш жараёнида узилишлар кузатилгани ва фойдаланишга топшириш муддати кечикишини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон томони ООКдан III ёшлар Осиё ўйинлари муддатини яна бир йилга суришни сўраган.

Бироқ Олимпия спорт турларидаги беллашувлар келгусида Дакар-2026 ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинларига саралаш вазифасини бажариши назарда тутилгани боис ООК III ёшлар Осиё ўйинлари 2025 йилда ташкил этилиши муҳимлигини билдирган.

Шу туфайли, ООК III ёшлар Осиё ўйинлари мезбонлигини Баҳрайнга топширган ва Ўзбекистонга Ислом бирдамлиги ўйинлари ёки Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари каби катталар миқёсидаги йирик комплекс тадбирларни ўтказишга тайёргарлик кўришни тавсия қилган.

“Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини ривожлантиришга содиқ қолмоқда. Шу маънода, Олимпия шаҳарчасини барпо этиш, ундан унумли фойдаланиш ва унинг негизида спортимизни янги босқичга кўтариш бўйича Президентимиз томонидан берилган барча топшириқлар ижроси таъминланади ва келажакда бу мажмуа йирик спорт тадбирларини ўтказишга ҳар томонлама тайёр бўлади”, дейилади баёнотда.

“Пахтакор”нинг жорий йилги харажати 100 млрд сўмга яқинлашади – Ортиқхўжаев

“Пахтакор” клубининг жорий мавсум учун умумий харажатлари миқдори 100 миллиард сўмга яқинлашган. Бу ҳақда клуб раиси Жаҳонгир Ортиқхўжаев маълум қилди.

“Пахтакор” умуман молиявий жиҳатдан фойда келтирмайди. Кимдир шаҳримизнинг бош жамоасини молиялаштириши керак-ку. Бизнинг ёшлигимиз бу жамоа билан ўтган. Имконимиз борлигида ёрдам беряпмиз. Бутун дунёда 10-15 тача давлатда футболдан фойда келиши мумкин, мен футболдан фойда келишига, жумладан  Ўзбекистонда футбол фойда келтиришига ишонмайман”, дейди Ортиқхўжаев.

ОАВ билан мулоқотда Ортиқхўжаев клуб ўз олдига янги мақсадларни қўйгани ва шу мақсадда португалиялик мутахассис Педро Морейрани мураббийликка олиб келганини айтди, бироқ Морейра билан шартномадаги бандга мувофиқ “шерлар”нинг янги устози клубда қанча маош олишини очиқлай олмаслигини билдирди.

Усмонов эски лавозимига қайтди

30 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро қиличбозлик федерациясининг (FIE) конгрессида россиялик тадбиркор Алишер Усмонов ташкилот президенти этиб сайланди. 

Усмонов октябрь ойида федерация президентлигига ўз номзодини рўйхатдан ўтказганди. Усмоновдан ташқари FIE раҳбарлигига швециялик Отто Дракенберг ҳам даъвогарлик қилди, бироқ якунда россиялик функционернинг номзоди маъқулланди.

Бироз вақт ўтгач эса Алишер Усмонов Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) президенти сифатидаги фаолиятини ўз ихтиёри билан тўхтатди.

“Алишер Усмонов сайловда мутлақ ғалаба қозонганидан сўнг, FIE манфаатларидан келиб чиқиб, унга нисбатан қўлланилган қонуний асоссиз жазо чоралари FIE ва унинг фаолиятига таъсир қилишига йўл қўймаслик учун зарур чораларни кўришини маълум қилди ва шу муносабат билан FIE Ижроия қўмитаси унинг ваколатларини ихтиёрий равишда тўхтатиб туриши, ҳамма нарса қонун ва адолат доирасида ҳал қилиши керак”, дейди Усмонов вакили.

2008 йилда FIE'да президентлик фаолиятини бошлаганидан сўнг, Усмонов кетма-кет уч марта раҳбарлик лавозимига қайта сайланган, бироқ Украинадаги вазият туфайли 2022 йилда лавозимни тарк этган. 2024 йил октябрь ойи охирида Усмонов FIE президентлигига номзод сифатида рўйхатга олиниб, унинг номзоди 100 дан ортиқ мамлакатларда қиличбозлик федерациялари томонидан қўллаб-қувватланганди.

Шахобиддин Зоиров 1 миллион долларлик жангда ютқазди

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳридаги “The Agenda” мажмуасида бокс бўйича “IBA Чемпионлар оқшоми” бўлиб ўтди ва мусобақада ўзбекистонлик Шахобиддин Зоиров Венесуэла вакили Йоэль Финоль билан жанг қилиб, имкониятни бой берди.

Ўн раундлик жанг IBA Pro таснифидаги чемпионлик камари учун кечди. Тўлиқ давом этган баҳсда Йоэль Финоль ҳакамларнинг айри қарорига кўра 95-95, 96-94, 96-94 ҳисобида ғалабага эришди.

IBA раҳбари мазкур жангнинг 5-раундигача нокаут эвазига ғалаба қозонган боксчи 1 млн долларлик мукофот пулига эга бўлишини айтганди, бироқ бонус ҳеч кимга насиб этмади, Зоиров эса профбоксдаги биринчи мағлубиятини қабул қилиб олди.

Роналду Ислом динини қабул қилиши мумкин

Португалиялик суперюлдуз Криштиану Роналду Саудия Арабистони маданиятига чуқур мослашиб бормоқда ва унинг Ислом динини қабул қилиш нияти бор. Бу ҳақда Роналдунинг собиқ жамоадоши Валид Абдулла маҳаллий телеканаллардан бирида айтди.

“Роналду ҳақиқатдан ҳам Ислом динини қабул қилишни хоҳлайди. Мен у билан бу ҳақда суҳбатлашдим, у динимизга қизиқишини билдирди. У аллақачон гол урганидан кейин майдонда сажда қилган, шунингдек, доимо футболчиларга намоз ўқиш ва диний амалларни бажаришни тарғиб қилади”, дейди дарвозабон.

Дарвозабонга кўра, Роналду мусулмон футболчиларга яқин бўлишни хоҳлайди ва ҳатто машғулотлар орасида жамоадошларига намоз ўқишга вақт ажратишларини таъминлашга ҳаракат қилади.

“Роналду машғулот пайтида азон янграганда, мураббийдан машғулотни тўхтатишни сўрайди ва азон тугагунча кутади”, дейди Абдулла.

Маълум бўлишича, Криштиану Саудияга келганида Абдулладан мамлакат маданиятига оид турли хил нарсаларни сўраб, Исломга оид кўплаб жиҳатларга қизиқиш билдирган.

Собиқ дарвозабонга кўра, Роналдуга “Реал Мадрид”даги жамоадошлари Месут Ўзил ва Карим Бензема ўз вақтида Ислом динини қабул қилиш ҳақида ўйлаб кўришни тавсия қилган.

Дастур давомида Абдулла Криштиану ва унинг ўғли ҳақида ҳам қатор илиқ сўзларни айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Спорт дайжести

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг