“Ҳеч ким ўқимайди”. Гутерриш БМТ ҳисоботларини камайтиришни таклиф қилди
Олам
−
03 Август 2025 3515 2 дақиқа
Жорий йилнинг 1 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш тузилма чиқарган қатор ҳужжатларнинг самарасизлигини изоҳлаб, ташкилот ҳисоботлари ва йиғилишлари сонини қисқартириш зарурлигини айтди. Бу ҳақда халқаро ташкилот матбуот хизмати хабар берди.
Гутерриш аъзо давлатларни ўзининг UN80 ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган ҳисобот ҳақида маълумот берди. Ҳисоботда асосий эътибор БМТ ходимлари БМТ Бош Ассамблеяси ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши каби органлар томонидан берилган минглаб мандатларни қандай бажараётганига қаратилган.
“Бугунги кунда барча мандатларнинг ярмидан кўпи ҳисоботларни тайёрлашни талаб қилади. Фақат ўтган йилнинг ўзида котибият 1100 та ҳисобот тайёрлади, бу 1990 йилдагидан 20 фоизга кўп. Бештадан учтаси такрорланадиган мавзуларга тааллуқлидир. Тан олишим керакки, бу ҳисоботлар ҳам узоқроқ давом этмоқда. Сўнгги 20 йил ичида матн ҳажми 40 фоиздан кўпроққа ошди”, деган у йиғилишда сўзга чиқиб.
Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, бажарилган ишлар ҳажмига қарамай, ҳисоботларнинг муҳим қисми эътибордан четда қолмоқда: уларнинг ҳар бешинчиси инетернетда мингдан кам юкланган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби уларнинг ўқилганига ишончи комил эмас. Ҳужжатларни тайёрлаш ва йиғилишларни ташкил этиш харажатлари эса мунтазам бюджетнинг муҳим қисмини ташкил қилади. Бош котибнинг сўзларига кўра, бюджетнинг ҳар ўн долларидан бири қўшимча билвосита харажатларни ҳисобга олмаганда, тўғридан тўғри йиғилишлар ва нашрларга хизмат кўрсатишга кетади.
Ташкилотга кўра, UN80 ишнинг учта асосий йўналишига асосланади: БМТнинг ички самарадорлигини ошириш, жумладан, бюрократияни камайтириш; мандатларни қайта кўриб чиқиш, шу жумладан эскирганларини йўқ қилиш; тизимли ўзгаришлар ва ташкилотнинг бутун тизимининг архитектурасини ва ундаги мумкин бўлган ўзгаришларни кўриб чиқиш.
Маълумот учун, ташкилотнинг мандатлари – бу БМТ Бош Ассамблеяси, Хавфсизлик Кенгаши ва Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашнинг сўровлари ёки кўрсатмаларидир. 1945 йилдан бери уларнинг сони сезиларли даражада ошди. Ҳозирда 400 га яқин ҳукуматлараро органлар томонидан амалга оширилаётган 40 мингдан ортиқ мандатлар мавжуд. Улар ҳар йили 27 мингдан ортиқ учрашувларни талаб қилади ва ҳар куни тахминан 2300 саҳифали ҳужжатларни ишлаб чиқаради. Бу йилига тахминан 360 миллион долларга тушади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 3 август куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг таклифига биноан ушбу мамлакатга ташриф буюради.