“Ҳеч ким аялмайди”. Жапаров давлат пулини ўмараётганларга мурожаат йўллади
Олам
−
27 Июнь 6365 3 дақиқа
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакатдаги барча амалдорларга мурожаат йўллаб, уларни давлат пулини ўмармасликка чақирди. Бу ҳақда давлат раҳбари ўзининг Facebook саҳифасида ёзиб қолдирди.
Жапаровнинг ёзишича, халқ ҳокимият вакилларидан давлат ғазнасини тўғри сарфлашни талаб қилади.
“Мен сизларга мурожаат қилишни лозим топдим. Мени халқ “давлат ғазнаси муқаддас, ундан ўғрилик қилма ва бошқаларга ҳам ўғирлашга йўл қўйма” деган талаб билан сайлаган. Мен ҳам сизларни айнан шу мезон асосида давлат хизматига тайинлаганман. Аммо, афсуски, айрим раҳбарлар илгари бўлгани каби давлат ғазнасидан ижтимоий ва бошқа қурилиш ишларига ажратилган маблағларга ўзининг “эски одатини” қўллаб, қўл ураётганини кўряпмиз. Бошқа жойларни айтмай турайлик, фақат кечаги Токмок шаҳридаги ҳолатнинг ўзи етарли мисол”, дея ёзади Жапаров.
У шунингдек, мамлакатнинг Токмок ва Қора-Болта шаҳарларида бўлган воқеалар қайта такрорланмаслиги кераклиги, давлат пулини тўғри ва самарали ишлатиш мақсадга мувофиқлигини ҳам билдирган.
“Бу қандай телбалик?! Токмок ва Қора-Болта шаҳарларига бу йил бир миллиард сомдан маблағ ажратган эдик. Ушбу икки миллиард билан Токмок ва Қора-Болтани гуллатиб юборишингиз мумкин эди. Келаси йилда яна бир миллиард сўмдан ажратиб, бу икки шаҳарнинг ободлигига ҳисса қўшмоқчи эдик – бу бизнинг пок ниятимиз эди. Афсуски, маҳаллий раҳбарлар “пудратчилар” билан тил бириктириб, коррупцияга қўл урди”, деган Жапаров.
Президентнинг қўшимча қилишича, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб давлат ғазнаси қандай сарфланаётгани кузатиб борилади ҳамда ундан нотўғри мақсадда фойдаланганлар жавобгарликка тортилади.
“Ҳаммангиз эслаб қолинглар, сентябрь ойидан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб ғазнадан ажратилган маблағлар эвазига амалга оширилган ишлар, қурилаётган объектлар, асфальт қилинаётган йўллар бўйича мутахассислар иштирокида махсус комиссия тузилади. Сизлар қўлингизга қанча пул олгансиз, қандай ишлар бажарилгани, қанча маблағга харж қилингани ва қанча ўғирлангани бўйича умумреспублика текширувлари бошланади. Бу ишни мен шахсан ўзим назоратга оламан. Кимки ўғирлик қилган бўлса, ўғирланган маблағни ўн баробар қилиб қайтаради ва устига устак қамоққа олинади. Буни унутманглар. Бир миллион сом ўғирлаб, уни ўн баробар қилиб қайтариш, устига қамоққа тушиш сизлардан қайси бирингизга керак? Менимча, ҳеч кимга керак эмас”, дея ёзади Қирғизистон Президенти.
У шунингдек, давлат хизматчиларига давлат томонидан тўланаётган маош етмаётган бўлса, бизнес билан шуғулланишни таклиф қилган.
“Ким бўлишингиздан қатъи назар, ҳеч бирингизни аямаймиз. Илгариги даврларингизни унутинглар. Агар давлат тўлаб бераётган маош сизга ёқмаса – бизнесга ўтинг. У ерда миллионлаб пул топишингиз мумкин. Бу барча давлат хизматчиларига тааллуқли: биз ҳозир фойда олаётган ер ости бойликларимиз чексиз эмас, вақтинчалик. Ҳаммаси тугайди. Бизнинг абадий келажагимиз – бу туризм ва саноатдир”, дея қўшимча қилган давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Республика диагностика марказида уч нафар боланинг вафоти учун Соғлиқни сақлаш вазири Эркин Чечейбоевга танбеҳ берганди.
Live
Барчаси