Ҳаждан қайтган зиёратчилар нега сўроқ қилинди? ДХХ изоҳ берди (видео)

Жамият

Жорий йилнинг 29 август куни хорижий оммавий ахборот воситаларида ўзбекистонлик зиёратчиларнинг бир гуруҳи Саудия Арабистонидан Ўзбекистонга қайтганида, Тошкент халқаро аэропортида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бир неча соат давомида сўроқ қилингани, уларнинг паспортлари олиб қўйилгани ҳақида хабар тарқатди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати шундай мазмундаги хабарларни рад этувчи фактларни келтирди.

Маълум бўлишича, 2018 йил кузида Тошкентда очилган “Let`s fly travel” МЧЖ ўтган вақт давомида Ўзбекистон фуқароларини Саудия Арабистонига ноқонуний йўллар орқали жўнатиш билан шуғулланиб келган.

Ўзбекистонга қайтган зиёратчиларни сўроқ қилиш давомида 10дан ортиқ киши Саудия Арабистонига бориш учун хорижий давлат паспортидан фойдаланилгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлашган. Суриштирув тадбирлари 1 соатдан ортиқ давом этмаган (соат 17:20дан соат 18:10гача), буни уларнинг аэропортда кутиб турган қариндошлари ҳам тасдиқлайди. Шу билан биргаликда, уларнинг гўёки Саудия Арабистони давлат чегарасини босиб ўтганини тасдиқлаш учун сохта штамплар босилган Ўзбекистон фуқаролиги тўғрисидаги паспортлари процессуал тартибда олинган.

ДХХ лавҳасида кўриш мумкинки, сўроқ қилинган зиёратчилардан бири уларга “қизил паспорт” берилгани ҳақида гапирган.

Аниқланишича, “Let’s fly travel” МЧЖ 2018 йилнинг ноябрида Саудия Арабистонига “умра” зиёрати учун 10 кишидан иборат “ҳожилар гуруҳи”нинг илк партиясини жўнатган. Кейинроқ ушбу уюшган жиноий гуруҳ Ўзбекистон фуқароларини ҳаж зиёрати учун оммавий жўнатиш каналини йўлга қўйган, бунда хорижий давлатнинг сохта паспортларидан фойдаланилган. Натижада, 2019 йилнинг июнь-июль ойларида уюшган жиноий гуруҳга ҳеч қандай молиявий ҳужжатларни расмийлаштирмасдан Саудия Арабистонига сафар учун ўртача 10 минг доллардан тўлаган 40 нафардан ортиқ кишидан иборат гуруҳ шакллантирилган. Бу пулларнинг бир қисми, 5 минг долларлик партиялар хорижга уюшган жиноий гуруҳга етказиш учун зиёратчиларнинг ўзлари томонидан олиб чиқилган, бу гуруҳ аъзоларининг айримлари диний-экстремистик тузилмаларга алоқадорлиги гумон қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг расмий маълумотига кўра, “Let’s fly travel” МЧЖ туристик хизматлар кўрсатиш учун лицензияга эга эмас.

Асосан Мисрдаги шубҳали диний марказлар битирувчилари бўлган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ўз хизматларини реклама қилиш учун Telegram мессенжерида “Ҳаж ва умра” номли канал очишган ва у ерда “Let’s fly travel” МЖЧ орқали Саудияга борган Ўзбекистон фуқароларининг ҳаж қилиш жараёнига оид видео ва фотоматериалларни жойлаштириб боришган. Зиёратчилар Саудияда бўлиши вақтида тиббий ва бошқа хизматлар билан таъминланмаган, уларнинг хавфсизлиги кафолатланмаган.

Фирма жойлашган бино тинтув қилинганда ашёвий далил сифатида 55 минг. АҚШ доллари ва Ўзбекистон фуқаролари Саудия Арабистонига жўнатилганини тасдиқловчи бошқа материаллар, жумладан, молиявий операциялар тафсилотлари кўрсатилган "бухгалтерия қораламалари", шунингдек Саудия Арабистони ва Миср Араб Республикасида нашр қилинган шубҳали диний адабиётлар мусодара қилинган.

“Агар бу фуқаролар Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида сохта паспортлар билан қўлга тушганида улар ўша давлат қонунлари бўйича жавобгарликка тортилар ва ҳаж амалини адо этолмас эди. Саудия Арабистонида паспортлар сохталиги учун зиёратчилар фавқулодда вазиятга тушиб қолишганида қандайдир қўллаб-қувватловсиз қолган бўлишарди”, дейилади ДХХ маълумотномасида.

28 август куни “Let`s fly travel” МЧЖ масъул шахслари - трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси, 2-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

аэропорт Давлат хавфсизлик хизмати

Баҳолаганлар

224

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made