Ҳайит байрами 30 март куни нишонланади. Тожикистонда!

Олам

image

Бу йил Тожикистонда Рамазон ойи 29 кун давом этиши мумкин, 30 март куни эса Иди Рамазон (Ид аль-Фитр) байрами нишонланади. Бу ҳақда Тожикистон Республикаси Дин ишлари, анъаналар, тантаналар ва маросимларни тартибга солиш қўмитасига таяниб, “Asia-Plus” хабар берди.

Манбага кўра, Тожикистон уламолар кенгаши 27 март куни йиғилиш ўтказиб, байрам санаси бўйича якуний қарор қабул қилади.

“Жорий йилда Ражаб ва Шаъбон ойлари 30 кундан иборат бўлгани сабабли, Рамазон ойи 29 кун давом этиши эҳтимоли юқори. Бундан ташқари, минтақа мамлакатлари, Саудия Арабистони ва бошқа мусулмон давлатлари ҳам худди шу фикрга қўшилмоқда”, дейилади Қўмита баёнотида.

Тожикистонда бу йил Рамазон 1 мартдан бошланган. Тожикистон уламолар кенгаши ойнинг бошланишини Тожикистон Миллий фанлар академиясининг Астрофизика илмий-тадқиқот институти хулосаси асосида белгилаган.

Тожикистонда бу йил Фитр садақаси миқдори 8 сомоний (9 500 сўм), закот эса 900 сомоний (1 млн сўм) этиб белгиланган. Закот тўлаш мажбурияти 36 000 сомоний (42 млн 700 минг) ва ундан ортиқ молиявий имконияти бор шахсларга юклатилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бу йилги Рамазон ойи учун закот нисобини ≈ 85 грамм 585 пробали тилланинг қийматидан келиб чиқиб,  61 млн 200 минг сўм деб белгилаган. Шунга кўра, кимда зарурий эҳтиёжидан ташқари камида 61 млн 200 минг сўм қийматидаги пул маблағи ёки ушбу қийматдаги савдо-тижорат моли бўлса, жами маблағининг қирқдан бирини (2,5%) закот ниятида ҳақдорларга беради.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳайит Тожикистонда

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг