Ҳайдовчиларнинг “шўхликлари” учун жазо ошди
Жамият
−
24 Февраль
5396Йўл транспорт ҳодисалари жамиятда жиддий ижтимоий, иқтисодий, экологик ва бошқа муаммоларга сабаб бўлади. Ҳар йили Ўзбекистонда минглаб одамлар йўл транспорт ҳодисалари оқибатида жароҳат олади ёки ҳалок бўлади. Бунинг асосий сабаблари орасида тезликни ошириш, эҳтиётсизлик, маст ҳолда автомобилни бошқариш ва яна кўплаб ҳолатлар мавжуд.
Жорий йилнинг 20 февраль куни қабул қилинган “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун билан йўлда ҳаракатланиш тартиби бўйича анчагина ўзгаришлар киритилди. Ҳозир ана шулар ҳақида батафсил маълумот берамиз.
Эндиликда сиз Ўзбекистонда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилсангиз ва сизга маъмурий жазо қўлланганидан кейин ҳам машина ҳайдасангиз, жиноий жавобгарликка тортиласиз. Бундай ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача (18 миллион 750 минг сўмдан - 37 млн сўмгача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишингиз мумкин. Бу Жиноят кодексига киритилган 261-2-моддасида кўрсатилган.
Шунингдек, ҳужжат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 195-2-моддаси киритилган. Унга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат вазифаларини бажараётган пайтда олинган фото ва видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш, шу жумладан интернетда тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Бундай ҳолда сизнинг чўнтагингизга 7,5 миллион сўмдан 18 миллион 750 минг сўмгача миқдорда зиён етади.
Яна бир ўзгариш. Жарима балларини 12 баллдан оширган ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича ҳисобланадиган жарима баллари белгиланган миқдордан ошгани учун маъмурий жазо қўлланилади. Бунда белгиланган ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун транспорт воситасининг ҳайдовчисига нисбатан мазкур ҳуқуқбузарликларда назарда тутилган асосий жазо билан бирга жарима баллари ҳисобланади. Содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун ҳисобланадиган жарима балининг энг юқори миқдори 2 баллдан ошмаслиги керак.
Жарима баллари белгиланган ҳуқуқбузарликлардан бири биринчи марта содир этилган кундан эътиборан бир йил давомида ҳисоблаб борилади. Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун ҳисобланган жарима баллари бир йил ўтгач транспорт воситасининг ҳайдовчисидан автоматлаштирилган тарзда ечилади.
Ҳисобланган жарима баллари бир йил давомида 12 баллдан ошган ҳолларда, охирги содир этилган ҳуқуқбузарлик учун белгиланган тартибда қўшимча жазо тариқасида ҳайдовчи транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади. Бундай ҳуқуқдан маҳрум қилиш муддати 6 ойдан кам бўлмаслиги белгиланди.
Бундан ташқари, маст ҳолда машина ҳайдаганлар ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади.
- Автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини ёки идентификация рақамларини қонунга хилоф равишда тайёрлаганлик, ўтказганлик ёки улардан фойдаланганлик, шунингдек уларни қалбакилаштирганлик учун;
- Автомототранспорт воситалари, шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини ва тракторчи-машинистларни тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳонлар ўтказиш ва гувоҳномалар бериш тартибини бузганлик учун;
- Транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқарганлик ёки текширувдан ўтишдан бўйин товлаганлик учун;
- Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик учун;
Сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Бунда транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик, яъни уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Маълумот ўрнида айтиб кетсак, маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 2021 йилда 40 минг 542 та, 2022 йилда 47 минг 365 та ва 2023 йилда 41 минг 866 та, ўтган йилда эса 31 минг 436 та ҳуқуқбузарлик аниқланган. Биргина 2024 йилда қарийб 8 минг ҳайдовчи маст ҳолда транспорт воситасини бошқаргани учун маъмурий жавобгарликка тортилгандан сўнг такроран транспорт воситасини маст ҳолатда бошқаргани аниқланган.
2024 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси (транспорт воситаларини маст ҳолда бошқариш) ва 136-моддаси (транспорт воситалари ҳайдовчиларини ва йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларини маст ҳолда текширувдан ўтказишдан бўйин товлаш) билан 32 минг 999 нафар шахсга нисбатан 32 минг 723 та иш кўриб чиқилган. Хусусан, 31 минг 351 фуқарога нисбатан жарима, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва маъмурий қамоқ тарзидаги маъмурий жазо чоралари қўлланган.
Ҳайдовчиларнинг тезлиги борасида ҳам тўхталиб ўтсак. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-3-моддасининг айрим қисмларига ўзгартиришлар киритилди. Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 20 километрдан ортиқ, лекин 40 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юбориши, -базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари, яъни 1 миллион 875 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Белгиланган ҳаракат тезлигини соатига 40 километрдан ортик, лекин 60 километрдан кўп бўлмаган катталикда ошириб юборган ҳайдовчи эса базавий ҳисоблаш миқдорининг тўққиз баравари, яъни 3 миллион 375 минг сўм миқдорида жарима тўлайди. Белгилаб қўйилган тезликни соатига 60 километрдан ортиқ катталикда ошириб юбориш базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш баравари, аниқроғи 5 миллион 625 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи – тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар содир этилганда тезликни ўлчайдиган махсус ускуналар ва транспорт воситалари спидометри кўрсаткичларидаги йўл қўйилиши мумкин бўлган жами хатолар ҳисобга олиниб, уларда қайд этилган тезликдан соатига 5 километр чегириб ташланган ҳолда, маъмурий жазо чораси қўлланади.
Шу ўринда йўлга отланаётган ҳар бир ҳайдовчи ёки пиёдадан ҳаракатланиш вақтида барча хавфсизлик талабларига ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишни сўраймиз. Йўлларда ҳаракатланганда тартибни бузиб, тезликни ошириб, кимнингдир умрига бевақт зомин бўлманг.
LiveБарчаси