Фарғонада эркак сув таъминоти ходимининг бошини ёрди
3-саҳифа
−
10 Март 4158 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида хизмат вазифасини бажараётган сув таъминоти ходими калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Бош прокуратура муносабат билдирди.
Аниқланишича, кеча, 9 март куни “Фарғона сув таъминоти” МЧЖнинг Ўзбекистон тумани филиали инспектори Д.С. тумандаги Сочтепа кўчасида жойлашган хонадонлардан бирига борган. Ушбу хонадонда сув таъминоти ҳолатини ўрганиш давомида рўйхатдан ўтказилмаган ҳисоблагич мавжудлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, жарима қўлланилиши ҳақида маълум қилинган вақтда ушбу хонадонда яшовчи фуқаро Фазлиддин Пардаев хизмат вазифасини бажараётган инспектор Д.С.га қаршилик қилиб, жанжаллашган. Жанжал давомида Пардаев ўша ерда бўлган ёғоч бўлаги билан инспектор Д.С.нинг бош қисмига уриб, унга тан жароҳати етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 219-моддаси (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида эркак аёл ва унинг ўғлини аёвсиз калтаклаган эди. Ҳолат юзасидан эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган.