“Ҳаво шари машмашаси” Киевда ҳам пайдо бўлди
Олам
−
16 Февраль 2023
15366Киев осмонида бурчак рефлектори ва разведка ускуналарини олиб юришга мўлжалланган олтита ҳаво шари кузатилди. Ҳаво мудофаа тизимлари ёрдамида шарларнинг аксарияти уриб туширилди. Улар Россия томонидан учирилгани айтилмоқда. Бу ҳақда Киев маъмурияти расмий Telegram саҳифасида маълум қилди.
“Дастлабки маълумотларга кўра, Киев ҳаво ҳудудида душманнинг олтига яқин нишони аниқланган. Янгиланган маълумотлар бу шамол таъсирида космосда ҳаракатланадиган шарлар бўлганини кўрсатди. Ушбу объектлар бурчак рефлекторлари ва маълум разведка ускуналарини олиб юриши мумкин эди. Барча ҳаво нишонларида ҳаво мудофаа тизимлари ишлатилди. Зондларнинг аксарияти уриб туширилди. Ўқларни ишга туширишдан мақсад бизнинг зенит мудофаамизни аниқлаш ва йўқ қилишдан иборат эди”, дейилади расмий хабарда.
Шунингдек, Киев маъмурияти уриб туширилган ҳаво шарлари қолдиқларини батафсил ўрганиб чиққандан сўнг, бу объектларнинг келиб чиқиши ҳақида якуний хулосаларни эълон қилишини маълум қилган.
Таъкидлаш жоизки, Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги вакили Юрий Игнат олдинроқ ҳам Украина ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини чалғитиш учун “бурчак рефлекторли” шарлар топилгани ҳақида хабар берган. Шунингдек, сўнгги пайтларда дунёнинг бир неча мамлакатларида ҳаво ҳудудига кирган номаълум объэктлар уриб туширилган. Хусусан, АҚШда тўртта объект (улардан бири Хитой шари эди), Канада ва Молдовада биттадан объект уриб туширилган. Хитой расмийлари ҳам мамлакат ҳаво ҳудудида бир нечта шунга ўхшаш объектлар уриб туширилганини даъво қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Япония ҳам ўз ҳаво ҳудудига номаълум ҳаво шарлари кирганини айтганди.
LiveБарчаси