Ҳарбий жиноят бўлиши мумкин – БМТ “Буча қирғини” ҳақида

Олам

image

Украинанинг Буча шаҳрида тинч аҳоли вакилларининг ўлдирилиши ҳарбий жиноятдан гувоҳлик беради ва мустақил суриштирувни талаб қилади. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет ва Украинадаги мувофиқлаштирувчиси Оснат Лубрани маълум қилди.

Буча шаҳри кўчаларида ҳалок бўлган тинч аҳолининг суратлари ҳамда Киевнинг ушбу чеккасидаги оммавий қабрлар Мишель Бачелет ва Оснат Лубранини ҳайратда қолдирган.

Уларнинг таъкидлашича, худди шундай хабарлар яқинда рус қўшинлари тарк этган Ирпень, Гостомел ва Украинанинг бошқа шаҳарларидан ҳам келиб тушмоқда.

Бачелет ва Лубрани келиб тушган маълумотларни “ҳарбий жиноятлар далили” деб атаган ва мустақил тергов ўтказишга чақирган. 

“Қурбонларнинг оилалари хабардор бўлиши ва ўлимнинг аниқ сабабини аниқлаш учун ҳамма жасадларни эксгумация қилиш ва шахсини аниқлаш зарур. Далилларни сақлаб қолиш учун барча имкониятларни ишга солиш керак”, дейди БМТ Олий комиссари Мишель Бачелет.

Унинг сўзларига кўра, Буча ва бошқа шаҳар ва вилоятлардан келаётган хабарлар “эҳтимол ҳарбий жиноятлар, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилиши ҳақида хавотирли ва безовта қилувчи саволлар туғдиради”.

“Биз барчамиз Киев яқинидаги Буча, Ирпень ва Гостомел шаҳарларида ва Украинанинг бошқа қисмларида шиддатли жангларда қолиб кетган тинч аҳолига - эркаклар, аёллар ва болаларга нисбатан даҳшатли зўравонлик содир этилганини билганимизда, одамларнинг ўлдирилгани тасвирларини кўриб, бўшашиб кетдик”, дейди Бачелетнинг ҳамкасби, БМТнинг Украинадаги координатори Оснат Лубрани.

Мишель Бачелет ва Оснат Лубрани Россия босқинидан кейин Буча ва Украинанинг бошқа шаҳарларида содир бўлган воқеаларни мустақил ва самарали тергов қилиш учун барча саъй-ҳаракатларни ишга солишни талаб қилди.

Бачелет ҳақиқатни аниқлаш, адолат ва одил судловни таъминлаш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш, шунингдек, қурбонлар ва қурбонларнинг оилаларига етказилган зарарни қоплаш зарурлигини таъкидлади.

Лубрани БМТнинг Украинадаги Инсон ҳуқуқлари мониторинги миссияси бундай ваҳшийлик содир этилган барча ҳудудларга имкон қадар тезроқ етиб боришга ҳаракат қилаётганини айтган.

У тинч аҳолини ҳимоя қилиш БМТга аъзо барча давлатларнинг бутун дунё халқлари олдидаги асосий мажбурияти эканлигини эслатган. 

“Уруш даврида халқаро ҳамжамият томонидан келишилган қўшимча мажбуриятлар мавжуд - улар Женева конвенцияларида белгиланган”, дея эслатган БМТнинг Украинадаги координатори.

Лубрани бундан кейин ҳам мактаблар, шифохоналар ва уларнинг ходимлари, фуқаролик инфратузилмасининг ўққа тутилиши, шунингдек, аҳоли турар жойларида оғир қуроллардан фойдаланиш ва инсонпарварлик ёрдами йўлига тўсиқ қўйиш ҳолатлари ҳақида маълумот бериб боришини билдирган.

“Буча қирғини”

Жорий йилнинг 1 апрель куни Буча мэри Анатолий Федорук Украина ҳарбийлари россиялик босқинчиларни чиқариб юборганини тасдиқлади. Чекинган руслар фуқаролик иншоотларини, инфратузилма объектларини ва аҳоли пункти ичидаги баъзи ҳудудларни миналаган.

Озод қилинган шаҳарда украиналик ҳарбийлар ҳудудни диверсантлар ва россиялик шериклардан тозалашга киришган.

2 апрель оқшомида Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр бутун Киев вилояти рус босқинчиларидан озод қилинганини очиқлади.

Шундан сўнг босқинчиларнинг ваҳшийликлари ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Руслар одамларни ўлдирган ва зўрлаган, ҳақорат қилган ва қийноққа солгани айтилди. Дмитрий Комаров Бучадан даҳшатли кадрларни кўрсатди ва аҳоли нонни кўрганда шунчаки йиғлаётганини айтди. Кейинчалик тармоқда пайдо бўлган Бучадан олинган ҳайратланарли фотосуратларда боғланган одамлар ўлдираётгани маълум бўлди. Украиналиклар оммавий қабрларга дафн қилинган. Баъзи жасадлар кўчаларнинг ўртасида қолган.

Буча воқеалари ҳақиқати ошкор бўлгач, дунё давлатлари уни қоралади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқишни бошлади.

Россия Мудофаа вазирлиги Бучадаги воқеаларни Москвага қарши провокация ва саҳналаштирилган деб атади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин Буча қирғини

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made