Ҳарбий хизматни ўташ тартиби ўзгартирилади
Жамият
−
03 Сентябрь 2022
95620Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Қарор лойиҳаси билан фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ тартибининг айрим жиҳатларига аниқликлар киритилади. Жумладан:
• муқаддам махсус унвонда хизматни ўтаган ходимнинг номига доғ туширувчи хатти-ҳаракатни содир этгани ёки хизмат вазифасига нолойиқ бўлиб қолганлиги сабабли хизматдан бўшатилган фуқароларга контракт бўйича ҳарбий хизматга киришга рад жавоби берилиши белгиланди ва бу билан шундай ҳаракат учун ҳуқуқий асос пайдо қилинди;
• ҳарбий хизматчиларни юқори турувчи лавозимларга тайинлашда улар томонидан лавозимда камида икки йил хизмат қилиш зарурлиги нормаси мавжуд бўлганлиги сабабли қисқа муддат ичида муайян вакант лавозимни бутлаш, олий ҳарбий таълим муассасалари битирувчиларини жойлаштириш учун лавозимларни бўшатиш масалалрида муаммолар туғилаётганлиги сабабли ушбу талаб Низомдан чиқариб ташланди;
• интизомий чора қўллаш тартибида лавозимидан пасайтирилган ҳарбий хизматчиларни юқори лавозимларга тайинланиш ҳамда ҳарбий унвонидан бир поғона пасайтирилган ҳарбий хизматчиларни унвонида тиклаш тартибига аниқликлар киритилди;
• ҳарбий хизматдаги ва ундан бўшатилган ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ҳамда ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларига тиббий хизмат кўрсатиш, санатория-курорт муассасаларида даволаниш тартибига аниқликлар киритилди;
• ҳарбий хизматнинг умумий давомийлиги йигирма йилга бир йилгача етмаган, ҳарбий-тиббий комиссиялар томонидан ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларни хизматда бўлиш муддати вазирлик раҳбарининг буйруғи билан белгиланиш нормаси киритилди;
• берилган ҳарбий унвонда бўлишнинг белгиланган хизмат муддатидан камида иккитасини ўтаган контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга бир поғона юқори ҳарбий унвон бериш тартибига аниқлик киритилиб, бу тартиб сержантлар таркиби контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга ҳам татбиқ этилиши белгиланди;
• “III даражали сержант”, “II даражали сержант”, “I даражали сержант” ва “катта сержант” ҳарбий унвонларини бериш тартибига аниқлик киритилиб, тор доирадаги мутахассисларга тегишли таълим муассасаларида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларини тамомлаганидан кейин ушбу ҳарбий унвонларни бериш мумкинлиги нормаси киритилди;
• хизмат ва ҳарбий бурчни бажаришда алоҳида намуна кўрсатган, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга вазирликлар раҳбарлари томонидан навбатдаги ҳарбий унвонлар муддатидан аввал берилиши мумкинлиги нормаси қўшилди;
• контракт бўйича ҳарбий хизматчиларга қўшимча таътилнинг муддатини белгилашда Миллий гвардия ва суд органларидаги хизмат ҳарбий лавозимга тайинланган ходимларга махсус унвонлар (мартаба даражалар) берилган кундан бошлаб ҳарбий хизмат муддатига қўшиб ҳисобланиши белгиланди;
• камида йигирма календарь йили мобайнида ҳарбий хизматни бенуқсон ўтаган офицерлар билан бир қаторда оддий аскар ва сержантлар таркибига ҳам ҳарбий хизматдан бўшатилаётган вақтда тегишли буйруқлар билан ҳарбий кийим-кечак кийиш ва фарқловчи нишонларни тақиш ҳуқуқи берилди;
• Қарор лойиҳасини қабул қилиш орқали Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқлаштирилади ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга эришилади.
LiveБарчаси