Ҳар йили қарийб 1,2 млрд бола оилада жисмоний жазога дуч келади – ЖССТ
Олам
−
21 Август 2025 1584 2 дақиқа
Жисмоний жазолар (уриш, шапалоқ, қамчи билан уриш ва ҳоказо) дунёнинг кўплаб давлатларида ҳанузгача кенг қўлланилади ва бу болаларнинг соғлиғи ҳамда ривожланишига жиддий зарар етказмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоботида келтирилган.
Қайд этилишича, ҳар йили 1,2 миллиардга яқин 18 ёшгача бўлган бола ва ўсмир оилада жисмоний жазога дуч келади. 58 та давлатда ўтган бир ой ичида жисмоний жазога дуч келган болаларнинг 17 фоизи унинг энг оғир шаклларига – бош, юз ёки қулоққа зарба қабул қилиш каби зўравонликка учраган.
Мамлакатлар кесимида кўрсаткичлар жуда фарқланади. Масалан, 2-14 ёшли болалар орасида жисмоний жазони қўллаш ҳолати Қозоғистонда 30 фоиз, Украинада 32 фоиз, Сербияда 63 фоиз, Серра-Леонеда 64 фоиз, Тогода эса 77 фоизни ташкил этган.
Ҳисоботда айтилишича, энг катта хавф гуруҳига ногирон болалар, ота-онасининг ўзи ҳам болалигида жисмоний жазога учраганлар, спиртли ичимлик ёки наркотик истеъмол қилувчи, депрессиядан азият чекаётган ёки руҳий касалликларга эга ота-оналарнинг фарзандлари киради. Шунингдек, камбағаллик, ирқчилик ва камситиш каби ижтимоий омиллар ҳам хавфни оширади.
ЖССТнинг қатъий хулосасига кўра, жисмоний жазо ҳеч қандай ижобий натижа бермайди: у боланинг хулқини тузатмайди, ривожланишига ёрдам бермайди ва жамият учун фойда келтирмайди. Аксинча, бундай тажриба болаларда агрессив хулқ-атворни кучайтиради, ўқишда қийинчиликлар туғдиради, катта бўлганда эса зўравонлик, жиноятчилик ва антисоциал хатти-ҳаракатларга олиб келиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунё бўйича ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари қарийб 30 фоизга камайгани хабар қилинганди. Олимларнинг фикрича, бунга Европада ёшларнинг психологик ҳолати билан яхшироқ ишлаш, шунингдек, ОАВнинг бундай оғриқли мавзуни масъулиятли ёритиши сабаб бўлган.
Live
Барчаси