Ҳар йили беш ёшгача бўлган қарийб 5 млн бола вафот этмоқда – БМТ

Олам

image

2024 йилда 4,9 миллион бола, жумладан, 2,3 миллион чақалоқ беш ёшга тўлмасдан вафот этди. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, ушбу ўлим ҳолатларининг аксариятини самарадорлиги исботланган ва ҳамёнбоп чора-тадбирлар ёрдамида олдини олиш мумкин.

“Болалар ўлими даражаси ва тенденциялари” маърузаси шуни кўрсатадики, гарчи беш ёшгача бўлган болалар ўлими 2000 йилдан бери икки баравардан кўпроққа камайган бўлса-да, 2015 йилдан буён прогресс суръати 60 фоиздан кўпроққа секинлашган. Маъруза муаллифлари бутун дунё бўйича статистика ҳисобга олинган ва ўлим сабаблари таҳлил қилинган бундай тадқиқот биринчи марта ўтказилаётганини таъкидламоқда.

Бир ойликдан беш ёшгача бўлган 100 мингдан ортиқ бола бевосита ўткир тўйиб овқатланмасликнинг оғир шаклидан вафот этган. Энг юқори кўрсаткичлар Покистон, Сомали ва Суданда қайд этилган. Экспертларнинг огоҳлантиришича, ҳақиқий рақамлар эҳтимол анча юқори, чунки очлик иммунитетни заифлаштиради ва бошқа хавфли касалликларга мойилликни оширади, кўплаб ҳолатлар эса статистикада ҳисобга олинмай қолади.

Юқумли касалликлар жиддий хавф бўлиб қолмоқда: тўққизта инфекция дунёдаги беш ёшгача бўлган болалар ўлими ҳолатларининг 43 фоизига сабаб бўлмоқда. Ҳаётининг биринчи ойидан кейин ўлимнинг асосий сабаблари сифатида безгак, ичбуруғ ва пневмония қолмоқда.

Янги туғилган чақалоқлар орасидаги ўлим эндиликда беш ёшгача бўлган болалар ўлимининг деярли ярмини ташкил этади, бу эса ҳаётнинг ушбу давридаги ўлимнинг олдини олишда прогресс секинроқ эканини англатади. Асосий сабаблар – муддатидан олдин туғруқ билан боғлиқ асоратлар, шунингдек, туғруқ пайтидаги асоратлар ва инфекциялардир.

Беқарор ва можаролар давом этаётган ҳудудларда яшовчи болаларнинг беш ёшга тўлмасдан вафот этиш эҳтимоли бошқа ҳудудлардаги болаларга қараганда қарийб уч баравар юқори. Маърузада, шунингдек, 2024 йилда 5 ёшдан 24 ёшгача бўлган 2,1 миллион бола, ўсмир ва ёшлар вафот этгани қайд этилган. Агар кичик ёшдаги гуруҳларда юқумли касалликлар ва жароҳатлар ўлимнинг асосий сабаби бўлса, ўсмирлик даврида хавфлар тузилиши ўзгаради: 15 ёшдан 19 ёшгача бўлган қизлар орасида ўлимнинг асосий сабаби ўз-ўзига зарар етказиш, ўғил болалар орасида эса йўл-транспорт ҳодисаларидир.

БМТ вакиллари ташқи ёрдамнинг қисқариши она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларга путур етказаётганидан огоҳлантирмоқда.

Ҳисоботда болалар саломатлигига йўналтирилган инвестициялар ривожланиш соҳасидаги энг тежамкор чоралардан бири экани таъкидланади. Вакцина, овқатланиш дастурлари ва туғруқ пайтидаги малакали ёрдам миллионлаб ҳаётларни сақлаб қолишга қодир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яқин Шарқдаги можаро очликдан азият чекувчилар сонининг 45 миллион кишига кўпайишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

чақалоқ БМТ очлик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг