Ҳар декабрда “Президент Олимпиадаси” ўтказилади

Спорт

image

Ҳар йили икки марта “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалар тизими йўлга қўйилади. Вилоят босқичи ғолиблари ҳар йили декабрда Олимпия шаҳарчасида ўтказиладиган “Президент Олимпиадаси”да иштирок этади. Бу ҳақда бугун, 16 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятидаги ижтимоий хизматлар марказига ташрифи чоғида спорт соҳаси ва олимпия ҳаракатига оид тақдимот билан ҳам танишаётганида маълум қилинди.

Билдирилишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 10 миллиондан зиёд аҳоли оммавий спорт билан шуғулланмоқда. Туманларда, таълим ва меҳнат жамоаларида турли мусобақалар ўтказилмоқда. Энди бу кўрсаткични 15 миллионга етказиш мақсад қилиб қўйилган. Бунинг учун “Маҳалла лигаси”, “Мактаб лигаси”, “Талабалар лигаси”, “Вазир кубоги” ва “Касаба уюшмалари кубоги” каби мусобақалар ташкил этилади.

Шу йил 13 февраль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида спортчи ёшларни саралаш ва маҳоратини ошириш бўйича топшириқлар берилган эди. Шунга мувофиқ, селекция, спорт таълими ва олимпия тизимини янги босқичга олиб чиқиш ишлари бошланган.

Бунда ҳудудлардаги 254 та спорт мактаби, олимпия йўналишларига ихтисослашган 56 та спорт мактаби миллий терма жамоаларга асосий захира бўлади. Жойлардан сараланган ёшлар тана антропометрияси ва қобилиятидан келиб чиқиб, мақсадли тайёрланади.

Уларни пишитиб бориш учун йилига икки марта “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақалар тизими йўлга қўйилади. Вилоят босқичи ғолиблари ҳар йили декабрда Олимпия шаҳарчасида ўтказиладиган “Президент Олимпиадаси”да иштирок этади. Мусобақа ғолиблари уй, автомобиль каби қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади. Биринчи ва иккинчи ўринни олган спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказига қабул қилинади.

Президент спорт таълимида вертикал тизимни такомиллаштириб, илғор услуб ва ёндашувларни  татбиқ қилиш зарурлигини таъкидлади. Спорт мактабларининг натижадорлигини ошириш, қобилиятли ёшларни етук спортчилар этиб тарбиялаш бўйича кўрсатмалар берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Андижон Президент Олимпиадаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг