Ҳар бир номзодга 3,1 миллиард. Президент сайловига қанча маблағ ажратилади?

Жамият

image

Ўзбекистонда президент сайловларини ўтказиш учун 300 млрд сўм маблағ ажратилади. Бу ҳақда бугун, 16 июнь куни Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича харажатлар сметасини тасдиқлаш бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинди.

Қайд этилишича, харажатлар сметасини шакллантиришда халқаро сайлов стандартлари талабларидан, шунингдек, аввалги сайловлар тажрибасини таҳлилий ўрганиш натижаларидан келиб чиққан ҳолда ушбу сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида маблағ талаб этиладиган барча жиҳатлар ҳисобга олинган.

Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланиши белгиланган.

Номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва тарғибот ишларига 15 млрд 486 млн сўм ажратилади, шунда ҳар бир номзодга 3 млрд 97 млн сўмдан берилади.

Ушбу маблағлар қуйидагиларга ажратилади:

14 та округ сайлов комиссиясининг ҳар бирига 56 млн 991 минг сўмдан,
қарийб 10 800 та участка сайлов комиссиясининг ҳар бирига 11 млн 813 минг сўмдан маблағ ажратилади.

Мажлисда округ ва участка сайлов комиссиялари учун ажратилаётган ушбу маблағларнинг 80 фоиздан кўпроғи мазкур комиссиялар аъзоларининг иш ҳақи, компенсация ҳамда ягона ижтимоий тўловлар учун сарфланиши қайд этилди. Пандемия шароитида сайлов комиссиялари аъзолари ва сайловчиларнинг саломатлиги билан боғлиқ хавфсизлигини таъминлаш учун шахсий ҳимоя воситалари ва дезинфекцияловчи материаллар харидига доир маблағлар ҳам инобатга олинган.

Сайлов комиссиялари аъзолари малакасини оширишга эса “каскад” усулида ташкил этилган ўқув машғулотлари учун 18,4 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган. Ушбу маблағнинг 92 фоизи тренерлар ва мониторинг гуруҳи аъзоларининг иш ҳақини ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, Президент сайлови жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказилиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов

Баҳолаганлар

103

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг