Ҳар бир Меҳрибонлик уйига 2 тадан олийгоҳ ва спорт мактаби бириктирилади

Жамият

image

Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилаётгани ҳақида хабар бергандик. 

Давлат раҳбари йиғилишда Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасига 2 тадан олийгоҳ ва спорт мактабларини бириктириш бўйича буйруқ берди.

“Олий таълим вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги вилоят ҳокимлари билан бирга, бир ҳафта муддатда ҳар бир Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасига 2 тадан олийгоҳ ва спорт мактабларини бириктиради”, дейди Президент Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг таъкидлашича, жумладан, Юнусобод туманидаги 21-сон “Меҳрибонлик уйи”га Ахборот технологиялари университети ва Молия институти, Чилонзордаги 22-сон “Меҳрибонлик уйи”га Жаҳон тиллари университети ҳамда Тошкент педагогика универтитети бириктирилади.

Шавкат Мирзиёев ректорлар ўзи бириктирилган Меҳрибонлик уйларида қандай вазифаларга жавобгар бўлишини санаб берди.

“Биргина мисол, Чирчиқ шаҳридаги 14-сонли Меҳрибонлик уйида Инха университети билан янги тизим яратган. Шу боис, бириктирилган ректорлар Меҳрибонлик уйларига тарбиячилар тайёрлаш, кутубхона фондини бойитиш, болаларни ахборот технологиялари, хорижий тиллар, аниқ ва табиий фанларга ўргатиш ва уларни келгусида олийгоҳларга киришига кўмаклашиш муҳитини шакллантиришга, театр ва концертлар ташкил этишга масъул ва жавобгар бўладилар”, дейди Президент.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 28 июль куни 21-Меҳрибонлик уйига ташрифи чоғида Ўзбекистондаги Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни Миллий гвардия масъуллигига ўтказиш таклифи берилди. Бугунга қадар Меҳрибонлик уйлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Халқ таълими вазирлиги таркибида бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

6

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг