Меҳрибонлик уйлари ХТВ таркибидан чиқарилади
Жамият
−
28 Июль 2021
3800Ўзбекистондаги Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатлари эндиликда Миллий гвардия масъуллигига ўтказилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 21-Меҳрибонлик уйига ташрифи чоғида шундай таклиф билдирди.
“Меҳрибонлик уйида шароитлар яхши. Лекин болалар билан якка тартибда ишлаш, уларни касбга йўналтириш талаб даражасида эмас. Тарбияланувчиларнинг 18 ёшдан кейинги мустақил ҳаёти, олий маълумот олиши ва бандлигига кўмаклашувчи масъул идора йўқ”, дея таъкидлади Президент.
Давлат раҳбари бу муассасаларнинг моддий ҳомийси борлигини, лекин маънавий ҳомий кераклигини қўшимча қилди.
“Бу ҳам савоб, ҳам керакли иш”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Мамлакатда 16 та Меҳрибонлик уйи ва 4 та Болалар шаҳарчаси бор. Уларда 1 минг 823 нафар ўғил-қиз яшаб, ўқимоқда. 86 та махсус мактаб-интернатда 21 минг 363 нафар бола тарбияланмоқда. Ушбу муассасалар, синов тариқасида, Миллий гвардия масъуллигига ўтказилиши белгиланди. Болаларга ихтисослашган таълим бериш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўйича методика яратиш вазифаси қўйилди. Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларни фан, санъат ва спорт ташкилотлари билан боғлаб, тарбияланувчиларнинг қобилиятини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Меҳрибонлик уйлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Халқ таълими вазирлиги таркибига ўтказилганди.