Ҳамшира бош шифокорни “шантаж” қилиб, бошини ўзи уриб ёргани айтилди

3-саҳифа

image

 

Аввалроқ, Навоий вилоятида бош шифокор ҳамширани ўласи қилиб калтаклагани ҳақида хабар берилганди. QALAMPIR.UZ мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди.

Унинг бизга маълум қилишича, жорий йилнинг 25 ноябрь куни соат 12:00 ларда вилоят Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази ҳамшираси 38 ёшли М.Н. беморларнинг  касаллик тарихи варақаларини реабилитация маркази бош шифокори 57 ёшли эркак Б.И.нинг хизмат хонасига олиб кирган. Ҳамшира бош шифокор билан ўрталарида олдиндан давом этиб келаётган келишмовчилик, яъни жорий йилнинг август ойида “ойлик  иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида жарима” интизомий жазоси қўлланилганидан норози бўлиб, унга муаммо яратиб бериш ва лавозимидан  олдиришини айтиб, хизмат хонасидаги стол устида бўлган канцелярия буюмларини сақлаш учун мўлжалланган идиш (ручка солишга мўлжалланган кубсимон қиррали пластик идиш) билан ўзининг бош соҳасининг чап чакка қисмига бир неча маротаба уриб, ўзига ўзи тан жароҳати етказган. Шундан сўнг бошидан оққан қонни юз соҳаси ҳамда эгнида бўлган кийимларига ишқалаб, шифокорни хизмат хонасидан чиқишига тўсқинлик қилган.

Бу вақтда бош шифокор хизмат хонасидаги чақирув тугмасини босиб, ёрдамга марказда ишловчи ходимларини чақирган. Уларнинг ёрдами билан ҳамширани хизмат хонасидан чиқарган.

Ҳамширанинг кўрсатмасига кўра, у тиббий карталарни имзо ва муҳр қўйдириш учун бош шифокор хонасига кирган. Бош шифокор унинг саломига алик олмасдан, тиббий ҳужжатларнинг камчиликларини кўрсатиб ва жаҳл қилиб, қабулига киришдан аввал ҳужжатларни тўғрилаши лозимлигини айтган. Шунда у раҳбарига “мени тинч қўясизми, йўқми” деб айтган. Бу гапга жавобан бош шифокор “менга гап қайтаряпсанми” деб стол устидаги қаламдон билан унинг ўнг чаккасига урган. Шунда ҳамшира гўёки И.Б.ни хонадан чиқиб кетиш йўлини гавдаси билан тўсиб, “102” хизматига қўнғироқ қилган ва бўлган ҳолатни хабар қилган. И.Б. эса уни итариб, хонадан чиқиб кетган.

Ҳолат юзасидан шаҳар Ички ишлар бошқармаси 1-сонли ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Терговга қадар текширув давомида ҳодиса жойи кўздан кечирилган, ҳолатга гувоҳ бўлган ҳамширалар ва бошқалардан тушунтириш хатлари олинган, ҳамшира ва бош шифокорнинг тан жароҳатлари юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган, ҳодиса жойидан процессуал тартибда олинган буюмлар бармоқ изларини олиш ва суд-дактилоскопия экспертизаси ўтказиш учун шаҳар ИИБга юборилган. Терговга қадар текширув давом эттирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ҳамширанинг айни пайтда хорижда меҳнат қилаётган турмуш ўртоғи А.Ҳ. QALAMPIR.UZ’га хотини марказда 5-6 йилдан бери фаолият юритиб келиши, марказ раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи бош шифокор Б.И. эса аёлга анча вақтдан бери ишдан бўшашни талаб қилиб келганини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг