Ҳаммани узр сўраб чиқишини яхши кўрадиган ИИВга муносиб жавоб бўлади – Депутат
Жамият
−
09 Июнь 2020
21900“Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар порталига “Автотранспорт воситасининг суғуртаси йўқлиги ёки техник кўрикдан ўтмаганлиги туфайли жарима майдонига қўйиш амалиётини бекор қилиш ҳақида” жойланган мурожаат 10 мингдан ортиқ овоз тўплади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ушбу петицияга ўз муносабатини билдирди. У мурожаат ҳозирда Олий Мажлис қўмиталаридан бирида кўриб чиқилаётганини айтиб ўтган.
“Амалдаги қонунчиликка кўра, мажбурий суғурта қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талаблари бузилган ҳолатларда БҲМнинг бир бараваридан уч бараваригача жарима қўлланилишга ҳамда қоидабузарлик бартараф этилгунча транспорт воситалари ваколатли орган томонидан ушлаб турилишига сабаб бўлади. Лекин мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаган транспорт воситаларини жарима майдонида ушлаб туриш кўзда тутилмаган.
Халқаро тажрибада ҳам шунга ўхшаш амалиётни учратиш мумкин. Кўплаб давлатларда (Буюк Британия, Франция, АҚШ ва Германия) транспорт воситасини суғурта полисисиз бошқариш катта миқдордаги жаримага сабаб бўлади. Шунингдек, агар лозим топилса, ЙПХ ходимларига транспорт воситасини жарима майдонида ушлаб туриш ҳуқуқи ҳам берилган.
Лекин Ўзбекистондан фарқли равишда бу мамлакатларда суғурта тизими жуда самарали ишлашини унутмаслик лозим. Яъни йўл транспорт ҳодисаси содир этилиб, ҳайдовчига, транспорт воситасига ёки учинчи шахс ва унинг мулкига етказилган моддий ва жисмоний зарар суғурта компаниялари томонидан тўлиқ қоплаб берилади. Бизда эса суғурта полислари, умуман суғурта тизими амалда ишламаслиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, порталга фуқаро томонидан жойлаштирилган мурожаат асосида қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Қўшимча тарзда, йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари ЁНИДА бўлмаган ҳайдовчиларнинг жавобгарлигига оид нормани (МЖтК 135-модда) ҳам қайта кўриб чиқиш лозим. Бунда ҳайдовчига ёнида бўлмаган, унутиб қолдирилган ҳужжатларни маълум бир муддат давомида, дейлик 3 кун ичида ваколатли органга тақдим этса, ҳайдовчига нисбатан жарима ёки жавобгарлик қўлламаслик амалиётини жорий этиш тўғри бўлади.
Умид қиламан, Олий Мажлиснинг масъул қўмитаси юқоридаги мурожаат юзасидан тез орада ўзининг ижобий хулосасини тақдим этади ҳамда қонунчиликка тегишли ўзгартириш киритилишига эришилади. Бу эса танқидни суймайдиган, ҳаммани узр сўраб чиқишини яхши кўрадиган ИИВга жамоатчилик ва парламент томонидан муносиб жавоб бўлади”, дея фикр билдирган депутат Ғаниев.
Эслатиб ўтамиз, кеча “Қалпоқ” ва “Шўрданак” ҳажвий кўрсатуви ижодкорлари Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари ҳақидаги кўрсатувлари учун кечирим сўрашганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь