ҲАМАС ва Исроилга ҳал қилувчи сулҳ лойиҳаси топширилди

Олам

image

Бугун, 13 январь куни музокарачи томонлар Исроил ва ҲАМАСга сулҳ ва асирларни озод қилиш бўйича якуний лойиҳани тақдим этди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, музокараларда АҚШ Президенти Жо Байден ва сайланган президент Дональд Трампнинг вакиллари, шунингдек, Қатар расмийлари иштирок этган. Трампнинг келаси президентлик даврида АҚШ вакили бўлиб хизмат қиладиган Стив Виткофф Исроилнинг энг юқори разведка расмийлари билан биргаликда ушбу лойиҳани қабул қилган.

Агентлик манбасининг айтишича, Қатар вакили томонларга ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича келишув матнини топширган.

Лойиҳа сулҳ ва асирларни озод қилишни ўз ичига олади. Ҳозирги пайтда бу якуний келишув эмас, аммо расмийлар кейинги 24 соатни келишувни якунлашда “ҳал қилувчи соатлар” деб ҳисобламоқда. Иккала томон ҳам жангларни тўхтатиш ва асирларни озод қилиш тамойиллари бўйича келишган, лекин ҲАМАСнинг доимий тинчлиги ва Исроил томони ҲАМАСга қарши жанглар бошлаб қолиши ҳали ҳам шубҳа остида қолмоқда.

АҚШ, Қатар ва Миср бу келишув устида бир йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб келмоқда. 20 январда Трампнинг президентликка кириши ушбу келишувни амалга ошириш учун охирги муддат сифатида кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС Исроил билан Ғазо сектори бўйича сулҳга эришиш эҳтимоли ҳақида баёнот бериб, бунинг амалга ошишини “ҳар қачонгидан яқинроқ” деган эди. Бироқ Исроил Президенти Ицхак Герцог музокараларда сулҳ битимига эришиш эҳтимоли ортиб бораётгани ҳақидаги хабарларга қарамай, ҳали муҳим бурилиш рўй бермаганини маълум қилганди. Билдирилишича, Исроил делегацияси Қатарда ҲАМАСнинг битим тафсилотларига жавобини кутмоқда, лекин ижобий жавоб олиш эҳтимоли кам. Шундан сўнг, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ҳам Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режимини жорий этиш бўйича келишувнинг биринчи босқичи доирасида Исроил томонидан тақдим этилган рўйхатдаги 34 нафар гаровдагиларни озод қилишга рози бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Исроил Жо Байден ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг