ҲАМАС Исроилга 4 кишининг жасадини топширди

Олам

image

Олдинроқ, ҲАМАС ҳаракати бир ҳафта ичида гаровдаги олти кишини озод қилишини ва яна тўрт нафар ҳалок бўлган асирнинг жасадини Исроилга топшириши маълум қилинганди. Бугун, 20 февраль куни ҲАМАС 2023 йил 7 октябрь куни Исроилга ҳужум чоғида гаровга олинганларнинг жасадларини Исроилга қайтарди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, гаровга олинганлар орасида 32 ёшли Шири Бибас исмли аёл ва унинг ўғиллари — тўрт ёшли Ариэль ва 9 ойлик Кфир бўлган. Улар 16 ой олдин, 7 октябрь куни, Исроил жанубидаги Нир-Оз кибуцидаги уйидан олиб кетилган.

Тўртинчи жасад 83 ёшли Одед Лифшицга тегишли экани айтилмоқда. 2023 йил 24 октябрь куни эркак ва унинг рафиқаси Нир-Оз кибуцида асирга олинган.

Тобутлар аввал Қизил Хоч ташкилотига, кейин эса Исроил армиясига топширилган. Улар портловчи моддалар бор-йўқлигини текширган ва жасадлар Исроилга олиб кетилган. Жасадлар Тель-Авивдаги Абу Кабир суд-тиббиёт институтига юборилади ва экспертизадан ўтказилади.

Исроил Президенти Ицхак Герцог шундан сўнг мамлакат бўйлаб юраклар “парчаланиб кетганини” айтди ва 7 октябрь куни гаровга олинганларни ҳимоя қила олмагани учун ҳукумат номидан кечирим сўради.

“Даҳшат. Оғриқ. Буни ифодалашга сўз топилмайди. Бутун миллатнинг юраги парчаланиб кетди. Исроил давлати номидан бош эгиб, кечирим сўрайман. Ўша даҳшатли кунда сизни ҳимоя қила олмаганимиз учун кечирим сўрайман. Сизни хавфсиз олиб кела олмаганимиз учун кечирим сўрайман,”деб ёзди у Х саҳифасида.

Нашрга кўра, ҲАМАС 2023 йил ноябрь ойида болалар ва уларнинг онаси Исроил ҳаво ҳужумида ҳалок бўлганини айтган. Аммо гуруҳ бу борада ҳеч қандай далил тақдим этмаган. Исроил эса уларнинг ўлимини ҳеч қачон тасдиқламаган.

Болаларнинг отаси Ярден Бибас 484 кун гаровда ушлаб турилганидан сўнг, жорий йил январь ойидаги сулҳ битими асосида озод қилинган эди. У 19 нафар исроиллик гаровга олинганлар орасида омон қолган ҳолда қайтарилганларидан бири ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 16 январь куни Исроил, ҲАМАС, АҚШ ва Қатар вакиллари Доҳада Ғазо секторида гаровга олинганларни озод қилиш ва ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни расман имзолаганди. Келишув 19 январь куни кечқурун кучга кирди ва ҲАМАС уч нафар шахсдан иборат биринчи асирлар гуруҳини озод қилди. Исроил эса 90 фаластинлик маҳбусни озод қилган. 25 январь куни сулҳ келишувининг биринчи босқичи доирасида асир алмашишнинг иккинчи раундида Ғазо секторида сақланаётган тўрт нафар исроиллик аёл эвазига Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 200 нафар фаластинлик озод қилинди. 1 февраль куни ҲАМАС гаровдаги 3 нафар исроилликни,Исроил эса 83 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди. Шунингдек, 8 февраль куни ҲАМАС гаровга олинганларни алмашиш бўйича келишувнинг бешинчи босқичи доирасида Қизил Хочга уч нафар гаровга олинган исроилликни топширди. Исроил эса ҲАМАС 183 нафар фаластинлик маҳбусни озод қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил ҲАМАС

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг