ҲАМАС билан сулҳ туфайли Исроилнинг учта вазири истеъфога чиқди
Олам
−
20 Январь
5122Исроилнинг Ғазо секторида ҲАМАС билан тузган сулҳига норозилик сифатида Исроилнинг уч вазири истеъфога чиқди. Бу ҳақда кеча, 19 январь куни "The Times of Israel" газетаси ўта ўнгчи "Оцма Еҳудит" (Яҳудий кучи) партияси баёнотига таянган ҳолда хабар берди.
Хабарда айтилишича, "Оцма Еҳудит" раҳбари ва Исроил Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир Бош вазир Биньямин Нетаньяхуни ҲАМАС билан келишувни “терроризмнинг тўлиқ ғалабаси” деб атаган ва “барча мафкуравий қизил чизиқларни кесиб ўтганлик”да айблаган. Бен-Гвир, шунингдек, бундай келишув "келажакда ўғирлашлар учун шароит яратишини" айтди.
Бен-Гвирнинг партиядошлари, мерос вазири Амихай Элиягу ва Негев, Жалила ва миллий мустаҳкамлик вазири Ицхак Вассерлауф ҳам истеъфога чиқди. Бундан ташқари, "Оцма Еҳудит" партияси ҳукмрон коалициядан чиқишини эълон қилди. Унинг баёнотида айтилишича, агар ҲАМАСга қарши ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланиб, “тўлиқ ғалабага қадар давом этса”, улар коалицияга қайтишга тайёр.
Сулҳ Исроил ҳукуматининг яна бир аъзоси, Молия вазири ва "Диний сионизм" партияси раҳбари Бецалель Смотрич томонидан танқид қилинди. Бироқ қайд этилишича, Нетаньяхунинг у ва Бен-Гвир билан учрашувидан сўнг Смотрич ҳозирча ҳукуматни тарк этмасликка ваъда берган, бироқ ҳукумат ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш ўрнига сулҳнинг биринчи босқичидан иккинчи босқичига ўтишга қарор қилса, коалицияни тарк этиш билан таҳдид қилган.
"Смотричнинг кетиши мамлакатда муддатидан олдин сайловлар ўтказилишига олиб келиши мумкин", дея қайд этади Исроил ОАВ.
Кеча, 19 январь куни эрталаб Ғазо секторида 15 ойдан ортиқ давом этаётган урушни тўхтатишга қаратилган олти ҳафталик сулҳ бир неча соатлик кечикишдан сўнг Исроил ва ҲАМАС ўртасида кучга кирган эди.
Сулҳ арафасида Нетаньяху, агар келишув муваффақиятсизликка учраса, Исроил жанговар ҳаракатларни давом эттириши ва барча мақсадларига, жумладан, ҲАМАСни йўқ қилишига эришишини таъкидлади.
Бундан ташқари, Миср билан чегарадаги Филадельфия йўлаги бўйлаб Исроил қўшинлари контингенти қисқартирилмайди, кенгайтирилади.
Сулҳнинг 16-кунида бошланадиган музокараларда урушни тугатиш ва Исроил қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиш келишувининг иккинчи ва учинчи босқичлари тафсилотлари муҳокама қилинади.
Сулҳнинг биринчи босқичи Ғазо секторида ҳамон гаровга олинган 98 кишидан 33 нафарини озод қилиши кутилмоқда. Улар орасида: икки бола, ўн нафари аёл ва 21 нафари эркак, шу жумладан беш нафар ҳарбий хизматчи. Бунинг эвазига Исроил 2000 га яқин фаластинлик маҳбусни озод қилади: гаровга олинган ҳар бир фуқаро учун 30 тадан ва аёл аскар учун 50 тадан. Бу фаластинлик маҳбуслардан 737 нафари Исроил қамоқхоналарида, 1167 нафари эса Исроилнинг Ғазо секторидаги қуруқликдаги амалиёти чоғида ҳибсга олингани айтилмоқда.
Келишув кучга кирганидан кейин еттинчи куни гаровга олинган яна тўрт нафар фуқаро озод этилиши керак. 14, 21, 28 ва 35-кунларда учта гаровга олинган, охирги 14 киши эса охирги ҳафтада озод қилинади.
LiveБарчаси