ҲАМАС билан музокараларда силжиш йўқ – Уиткофф

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф ҲАМАС билан олиб борилаётган гаровдагиларни озод қилиш бўйича музокараларда ҳозирча ҳеч қандай ижобий янгилик йўқлигини билдирди. Бу ҳақда у бугун, 2 август куни Исроилнинг Тель-Авив шаҳрида гаровга олинганларнинг оилалари билан учрашувда сўз очди.

“Мен сизнинг умидсизликни ҳис қилаётганингизни тушунаман. Биламан, сиз уларнинг уйга қайтишини хоҳлайсиз. Мен бу ерда ишлаяпман, чунки мен ҳам фарзандимни йўқотганман. Бу қандай оғриқ эканини биламан. Сизга яхши хабар бера олишни жуда хоҳлардим. Афсуски, вазият мураккаб. Сабаблари бор, лекин уларни очиқлай олмайман. ҲАМАС бу – террористик ташкилот”, деган Уиткофф. 

У, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп гаровдагилар ҳақида жуда қайғуришини ва унинг миссияси ҳаммани уйга қайтариш эканини таъкидлаган.

“ҲАМАС ўз ваъдасида турмаяпти. Музокаралар кескин кечган, ҳозир биз ёки ҳаммаси ёки ҳеч нарса тамойилига асосланиб ҳаракат қилиш керак, деб ўйлаяпмиз”, дея қўшимча қилган АҚШ вакили. 

У аввалроқ айтганидек, Исроил аҳолиси ҳам, Ғазо аҳолиси ҳам гаровдагилар озод қилинишини истайди, чунки бу орқали тинчлик ва тикланишга умид қилинмоқда.

Маълумот учун, бугун, 2 август ҳолатига кўра, Ғазо секторида Исроилнинг ҳарбий амалиётлари оқибатида камида 60 минг 400 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Жароҳатланганлар сони эса 139 минг 600 дан ошган. Ушбу қурбонлар орасида камида 18 минг 500 бола ҳалок бўлган, 34 мингдан ортиқ бола эса турли даражадаги жароҳатлар олган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 август куни АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф Ғазо секторига ташриф буюриб, ёрдам тақсимланадиган пунктларни кўздан кечирганди. Унинг сафаридан мақсад – Ғазодаги озиқ-овқат инқирози фонида АҚШ томонидан ишлаб чиқилаётган ёрдам режасини аниқлаштириш эди. Уиткофф Рафаҳ шаҳрида жойлашган тарқатиш марказига борган. Бу ташриф Ғазога ҳозиргача бўлган энг йирик ҳаво орқали гуманитар ёрдам етказилган кунга тўғри келган. Ёрдам БАА, Иордания, Германия, Испания, Бельгия, Франция ва Баҳрайн томонидан юборилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Исроил Ғазо ҲАМАС Стив Уиткофф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг