“Ҳалоллик вакцинаси”ни қаердан оламиз ёҳуд букурни гўр тўғрилайдими?
Таҳлил
−
26 Январь 2020
16180Коррупция – Ўзбекистонда мустаҳкам илдиз отган ва ривожланишнинг оёғига болта ураётган, йўлига ғов бўлаётган иллат. Коррупцияга қарши курашувчи глобал коалиция “Transparency International” ташкилотининг Ўзбекистон бўйича берган хулосаси гапимизнинг яққол исботи бўла олади. 2019 йил коррупция индекси бўйича Ўзбекистон 25 баллик кўрсаткич билан дунё рейтингида 153-ўринни эгаллади. Сўнгги 3 йилда кўрсаткичларимиз яхшиланган бўлса-да, ўрнимиз ўша-ўша “синфхонанинг орқа парталарида” турибди.
Бизда икки йўл бор: Биринчиси оптимист бўлиб, амалиётда шукр қилиш синдромини қўллаймиз. Яъни, ўзимиздан пастда турган Зимбабве, Сурия, Венесуэла каби давлатларда коррупция кўрсаткичи юқори эканлиги ва биз бунга шукр қилишимиз лозимлигини бир-биримизга маҳлиё бўлиб айтаверамиз. Бу соҳада амалдаги Иқтисодиёт ва саноат вазирининг тажрибаси катта, десак муболаға бўлмайди. Ёки бўлмаса, ўша рўйхатдаги юқори ўринни эгаллаган давлатлар тажрибасини бизда ўрганиб, йўлга қўйишни бошлаймиз. Менимча, биринчи йўлни ўхшамаганини ҳамма амалдор гапириб бўлди. Ўтган 25 йил... Эсингизга тушдими?
Кўрсаткичлари бўйича “олтин медал”ни олган Янги Зеландия Тинч океанида жойлашган давлат ҳисобланади. Лекин бир нарсани унутмайлик, бу мамлакат ҳам коррупциядан ҳоли жой эмас, даражаси бошқа давлатларга нисбатан анча кам, холос.
Ўтиш босқичида Янги Зеландия ҳукумати коррупцияга қарши курашни соҳадаги халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш, қонунчилигига имплементация қилиш ва таълим даргоҳларидаги ўрганувчилар онггида коррупцияга нафрат уйғотишдан бошлади. Кейинчалик тизимни ислоҳ қилиш давом эттирилди. Мамлакатдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи энг катта ташкилот Янги Зеландия полицияси ваколатларини назорат қилиш учун Independent Police Conduct Authority ташкилоти тузилган. Ташкилот 1998 йилда қабул қилинган акт асосида ташкил этилган ва унда ваколатлари белгиланган. 1989 йилда қабул қилинган акт асосида бошқа вазифалар ҳам юклатилган.
Мазкур ташкилот вазифалари ижроси юзасидан фақатгина халқ “уйи” бўлган Парламентга ҳисоб беради. 12 мингдан ортиқ ходимига эга Янги Зеландия полициясининг фаолиятини кузатади. Бундан ташқари, аслида “жамоатчилик адвокати” бўлиш керак бўлган Янги Зеландия Омбудсмани институти (маори тилида - Tari o te Kaitiaki Mana Tangata) ҳам амалиётда яхшигина таъсир кучига эга. Унинг асосий вазифаси давлат ташкилотлари устида тушган ариза бўйича текширув ўтказиш ҳисобланади. 1983 йилда Расмий маълумотлар тўғрисидаги актга кўра, расмий маълумот сўралганда жавоб бермаган ташкилотларни текшириш ваколати ҳам берилди. Унда, шунингдек, қамоқхоналар ва маҳбуслар шарт-шароитини исталган вақтда текшириш ҳуқуқи мавжуд. Қисқача айтсак, Янги Зеландия коррупцияга қарши курашишда интитуционал ривожланиш ва таълим йўлини танлаган.
Коррупцияга ноодатий курашган ҳукуматлар ҳам бор. Мисол учун Осиё молия маркази ва Хитойнинг автоном махсус маъмурий тумани – Ҳонгконгни оладиган бўлсак, уларда коррупцияга курашишда айблилик презумпцияси жорий этилди, алоҳида тергов ташкилоти тузилди ва ОАВ кўмагидан кенг фойдаланилди.
Ўтган асрнинг 70-йиллари Ҳонгконг жиноятчилик ва коррупциянинг “уяси” эди. 1974 йилда шаҳар губернатори ва реформатор Моррей Маклеҳос ўз ислоҳотларини ўтказган. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги тергов бўлимларини тугатди ва тергов, ҳибсга олиш ва мулкни қонуний мусодара этиш ҳуқуқига эга бўлган алоҳида коррупцияга қарши курашувчи мустақил комиссия ташкилотини тузди.
Айблилик презумпцияси жорий этилди. Унга кўра, амалдор устидан асосли ариза тушганда у судда айбсизлигини исботлаши керак бўлди. Яъни, комиссияга маълум бир давлат ишчиси устидан коррупция масаласида ариза келиб тушса, у судда айбини исботламагунча, айбдор ҳисобланди. Бундан ташқари, комиссия ОАВ ва жамоатчилик билан мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйди. Коррупция сабаб қўлга олинган ва судда айби исботланган шахслар ҳақида ОАВда исталганча маълумотлар тарқатилди.
Суд ишлари ҳар бир босқичда ОАВ учун ланг очиб қўйилди. Уларнинг коррупцион схемалари ошкор қилинди ва бошқаларга ибрат бўлсин деб газета-журналларнинг биринчи саҳифаларига олиб чиқилди. Бизда эса собиқ Бош прокурорлар Рашид Қодиров, Отабек Муродов ва собиқ Бош прокурор ва ДХХ раиси бўлган Ихтиёр Абдуллаевлар иши ёпиқ кўрилди, кўрилмоқда. Жамоатчилик уларнинг жиноий шериклари кимлар, улар қандай ва қай тартибда йирик жиноятларни амалга оширганидан бехабар қолмоқда.
Қўшимчасига Ҳонгконгда жамоатчилик учун алоҳида ишонч телефонлари жорий этилди. Ҳар бир қўнғироқ коррупцияга қарши курашиш комиссиясининг назоратида турди. Ҳонгконг ҳукумати шу сабабли коррупция даражаси камлиги бўйича ҳозирда 76 кўрсаткич билан дунёда 16-ўринни забт этмоқда (Transparency International index).
Хитойда аввалига ҳар бир амалдор даромадлар декларациясини тўлдирди. Кенг жазо қатъийлаштирилиб, коррупция билан қўлга олинган шахсларга ўлим жазосини қўллаш бошланди. Натижада Amnesty International маълумотларига кўра, 2000-йилларнинг ўзида 20 мингдан ортиқ амалдор отиб ўлдирилди. Ҳозирда барча миқдордаги коррупцияга ҳам ўлим жазоси мавжуд эмас. Лекин ўлим жазоси ҳам юқоридаги давлатлардагидек натижа бермади. Ҳозирда у кўрсаткичлари билан дунёда 80-ўринда бормоқда.
Қўшни Қозоғистон каби айрим давлатлар эса коррупцияга қарши курашда коррупция ҳақида асосли хабар берган шахсларни рағбатлантириш ва шахсини билдирмаслик йўлидан борди. Ҳар қандай хабар текшириш учун асос бўлиши белгилаб қўйилди. Баъзи давлатларда (Ҳиндистон, Яман ва бошқалар) “биз ҳар қандай кўринишдаги коррупцияни йўқ қиламиз” шиори туширилган сохта 50 рупия кўринишидаги купюралар тарқатилди. Биргина 2007 йилда Ҳиндистоннинг ўзида шундай жумлалар ёзилган 2 миллиондан ортиқ купюуралар тарқатилган эди. Бу самарали усул ва коррупция олишни истаган шахсни сергаклантирарди.
Президент ўз Мурожаатномасида жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётга тўсиқ бўлаётгани, унга қарши курашилмаса, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмаслигини билдирди.
Тадбиркорлар ҳозиргача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, банк, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келаётганини Президент номига келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар ҳам, матбуот ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишлар ҳам яққол кўрсатаётгани хусусида сўз борди.
Коррупцияга қарши энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятнинг барча аъзолари “Ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Лекин ўша вакцинани қаердан оламиз, деган саволни кўндаланг қўйди Президент.
“Биз билмаймизми ким порахўр эканини? Биламиз. Шундайларга “Ҳалоллик вакцинаси”ни ичиришимиз керак”, дейди давлат раҳбари. Шу мақсадда Мурожаатномада парламент ва Президентга ҳисоб берадиган, коррупцияга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган ташкил этиш таклифи билдирилди.
Ҳозирда коррупцияга қарши курашувчи ташкилот Бош прокуратура ҳисобланади. Лекин тан олиш керак, прокуратура тизими коррупция ботқоғига ботиб кетган. Буни Президент бир неча марта ўз чиқишларида гапирган ва охирги уч йилда 3 та Бош прокурор ва прокуратура тизимида ишловчи бир қанча раҳбарлар қамалгани гапимизнинг яққол исботи. Тизим ўзгармаса, коррупцияга эҳтиёж ва йўл қолаверса, инсон фактори коррупцияни амалга оширишда давом этаверади.
Балки Президент гапларидан сўнг, алоҳида Тергов департаменти жорий қилинар. У фақатгина Парламент ёки Президентга бўйсуниши нормал давлатлар қонунчилигида белгилаб қўйилган. Алоҳида ташкилот тузилгач, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлардаги коррупцияга қарши курашувчи бўлимлар тугатилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Кунда коррупциянинг у ёки бу кўринишида дуч келишингиз аниқ. Сиз бу борада Президентга қандай таклиф берган бўлардингиз? Биз ҳалоллик вакцинасини қаердан оламиз?
LiveБарчаси
Путин Тўқаевга ҳам ҳамдардлик билдирди.
28 Декабрь