Зўравонликдан воз кечиш, ўт очишни тўхтатиш... Мирзиёев Афғонистон масаласига тўхталди
Жамият
−
29 Ноябрь 2019
3454Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан, сиёсий иродага таянган ҳолда ҳал этиш тарафдори. У бу ҳақда бугун, 29 ноябрь куни Тошкентда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи Маслаҳат учрашувида маълум қилди.
Энг муҳим устувор вазифа – минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдан иборат эканини ҳисобга олиб, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга кенг миқёсда қарши туриш учун мамлакатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ва махсус хизматларининг оператив ҳамкорлик қилиши бўйича ишчи механизмларни яратиш тарафдори эканини таъкидлади.
“Афғонистон минтақамизнинг узвий бир қисмидир. Ушбу диёрга тинчлик ва тараққиёт йўлига қатъий қадам қўйиши учун ёрдам бериш – барчамизнинг умумий манфаатларимизга тўлиқ мос келади. Муаммони сиёсий йўл билан ҳал қилиш борасидаги асосий тамойилларга амал қилиш зарур деб ҳисоблаймиз. Авваламбор, бу – зўравонликдан воз кечиш, ўт очишни тўхтатиш, мулоқот ва муросага тайёрликни намоён этишдан иборат”, деди Шавкат Мирзиёев.
Бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбари таъкидлаганидек, Афғонистонда муҳим инфратузилма ва ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ушбу мамлакатни минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга фаол жалб этишга қаратилган келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш ўта муҳимдир.
Президент бу устувор вазифалар Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ягона қараш ҳужжатида ўз аксини топишига ишонч билдирди.
LiveБарчаси