Зойир Мирзаев билан қишлоқда бир кун
Жамият
−
17 Февраль 2022
10312Агар сизга уйингизда иссиқ ўрнингизни ташлаб, Тошкентдан 150 км узоқ бўлган қишлоқда тунаб қолишни таклиф қилишса рози бўлармидингиз? Кўпчилик, йўқ дейиши тайин. Аммо QALAMPIR’чилар Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг таклифига жон деб рози бўлди ва Бўстонлиқ туманида жойлашган Пском қишлоғига етиб борди.
Уйингиздагидек ловуллаб газ ёнмайди, крандан тинимсиз иссиқ сув оқмайди. Бозорлик учун 80 км узоққа бориш ва печкага ўтин ёқишга тўғри келади. Йўллар қишда яхлаган, кузда эса лойга қоришган… Аммо қишлоқ табиати, тоза ҳавоси, содда одамлари, машиналар шовқинидан холи ҳаёт, қурилишлару city’ларга бегона турмуш тарзи. Янги соғилган сигир сутию қўлбола сариёғни тотганингизда ярим метр қорда оёғингиздан ўтган заҳнинг алами чиқади, ҳовурингиз тушади.
Пском сув сатҳида 2 минг метр баландликда жойлашган. Бу қишлоққа сиз-у биз фойдаланадиган автомобиллар билан боришнинг иложи йўқ. Пскомга саёҳат қилишни истасангиз, махсус йўл танламас машиналарда боришга тўғри келади. Йўл узоқ ва жуда хавфли. Тор йўлда ҳаракатланар экансиз, жарликларга қараб қўрқиб ҳам кетасиз. Аммо қўрқувингизни аритадиган бир нарса бор: қорга бурканган тоғлар. Қани шу он рассом бўлсангизу табиатнинг бу гўзаллигини қоғозга туширсангиз.
Қишлоқда 152 та хонадон мавжуд бўлиб, унда 914 киши истиқомат қилади. Маҳаллада кутубхона, қишлоқ врачлик пункти фаолияти йўлга қўйилган. Бу ерда яшовчи аҳоли асосан чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик билан шуғулланади. Баъзилар Бурчмулла давлат ўрмон хўжалигида турли лавозимларда ишлаб рўзғор тебратади. Албатта, қишлоқда ишсизлар ҳам талайгина.
Бу қишлоққа бундан 30 йил олдин Тошкент вилояти ҳокими борган. Шундан буён улардан ҳеч ким ҳол сўрамайди. Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевдан нима учун Тошкент вилоятининг энг чекка қишлоғига боришга қарор қилганини сўраганимизда, у шундай деди:
“Яқинига ҳар доим борамиз, тезроқ бу ернинг одамлари билан танишиб, қишлоқ шароитини ўргансак, ишимиз фаол бўлади. Ёзга чиққунча қўлимизда нимадир дастур бўлиши керак-ку. Биз ҳаммасига бориб кўрган ҳолда, оғирини танлаймиз. Ёрдам берадиган жойларимизни режа қилиб оламиз. Шунга қараб қўлимиздан келганини қиламиз, келмаганини раҳбариятга олиб чиқамиз. Энг чекка ҳудуддан бошлаш керак, яқинига ҳар доим улгурамиз”, дейди Мирзаев.
Пскомликлар Тошкент вилояти ҳокимини яхши кайфият билан кутиб олишди. Анча вақтдан буён бўлмаган сайллар ҳокимбува ташрифи сабаб ташкил қилинди. Мирзаев “Заковат” ўйинлари, жажжи болажонлар учун ташкил қилинган муздеккина кинотеатрни кўздан кечириб, ўзи иссиқина чодирда мурожаатларни қабул қилишни бошлади.
Содда Пском халқининг мурожаатларини тингларкансиз, уларнинг асосий қисми йўл билан боғлиқ муаммо тезроқ ҳал бўлишини сўрарди. Ишсизлик эса Пскомнинг иккинчи ва энг катта муаммоси эканини сезиш қийин эмас. Кимдан сўраманг, ҳеч қаерда ишламаслигини айтарди.
Аҳоли мурожаатини ўрганган ҳоким болалар дардига ҳам қулоқ тутди. 11 ёшли Манижа катта бўлса журналист бўлишни исташи, синглиси Шаҳзода эса рассом бўлишни орзу қилишини айтаркан, мактабда болалар учун тўгараклар ташкил қилишни сўради. Зойир Мирзаев эса шу жойнинг ўзида ҳамма айтганини ҳал қилишга ваьда берди.
“Мактабга чолғу асбоблари келади. Манижага ҳам бир тўплам беришади. Битта синф хонага ойна қўйиб, гилам тўшаб рақс хонаси қиламиз. Рассомлик дарслари учун эса махсус ўқув-қуролларини ҳам эртага етказамиз”, дейди ҳоким.
Зойир Мирзаев билан суҳбатда унга болалик йилларини эслатишга уриндик. Ҳозир ҳаммага бош бўлишга, аҳоли муаммоларини ҳал этишга уринаётган ҳокимнинг болалиги қандай ўтган? Аслини олиб қарасангиз, унинг болалик йилларидаги қишлоқ билан бугунгиси ўртасида катта фарқ йўқ. Ўша вақтда ҳам қишлоқларда свет, газ ичимлик суви бўлмасди. Ҳозир ҳам уларни топиш амри маҳол. Мирзаевнинг фикрича, ўтган йилларда нима ўзгарган?
“Мен доим ёшлигимни эслайман. Мактабга борганимизда ҳаммада бир хил телпак, этик ва бир хил пальто бўларди. Танаффус вақтида сумкаларимиз бир хиллигидан адашиб ҳам қоларди. Ҳозир фарзандингизга пальто олиб берсангиз, мактабга бориб бошқа синфдошида ҳам худди шунақасини кўриб, “бошқасини олиб беринг” деб туриб олади.
Олдин қишлоқларда ҳаммани йиғиб сайллар ўтказилар эди. Ёки бир қўшнини уйига йиғилиб, китоб ўқишарди. Мен қайси қишлоққа борсам ҳам бир нарсани танқид қиламан. Доим эркаклар қаерда, кимни уйида карта ўйнаяпти деб сўрайман.
Ҳаётий ҳақиқат – шу. Илгари ҳамма нарса бошқача эди. Худди шунақа столда катталар ўтирган бўлса, болалар узоқда турарди. Ҳозир ундай эмас. Бу қайсидир маънода оммавий маданият кўриниши бўлган. Олмалиқда йиғилиш ўтказдик ўша ерда маънавият бўйича ҳоким стипендиясини беришимизни айтдик. У ерда асосан рус ва ўзбек миллатига мансуб аҳоли яшайди. Баралла ўзбек тилида шеър айта олишса, стипендия берамиз. Шу гапни айтганимда, ҳамма жим бўлиб қолди. Ассаломни билишади, қолган ҳаракатлари бошқачароқ. Оммавий маданият секин-секин кириб боряпти”, дейди ҳоким.
Сиз охирги марта қайси китобни ўқидингиз деб сўраганимизда, у Марсель Брионнинг “Менким, Соҳибқирон – Жаҳонгир Темур” китобини иккинчи маротаба ўқиганини айтди. У сўзида давом этиб, ҳокимлар маҳаллалар, қишлоқларга кўпроқ бориши кераклигини таъкидлади.
“Ҳоким бўлиб иш бошлаганимга 22 йил бўлади. Мен ҳам маҳаллаларга боришга қўрққанман, тортинганман. Сабаби қўлимда пул бўлмаган. Ҳоким бўлган биринчи йилларимда Вольга автомобилига 5 литр бензин берарди. Мени бензиним эса 11 да тугаб бўларди. Кейинги ташвиш эса қолган ишларни бажариш учун бензинни қаердан олишим бўган.
Бугун ҳокимларнинг қўлида ҳамма нарса бор. Олдин учта ўринбосарим бўлган. Лекин бирортасида машина бўлмаган. Ўринбосарларнинг бири солиққа бошчилик, молияга раҳбарлик қиларди. Лекин бир жойга бормоқчи бўлса солиқни машинасига “осилиб” борарди. Бугун эса хизмат уйигача бор.
Қишлоқларга боришимиздан асосий мақсад, одамлар бугун гапиришни ўргангани. Чекка қишлоқларга борсангиз ҳамма ўз дардини гапиради. Узоқ қишлоқда яшайдиганлар, тепадагилар бизни дардимиз билан қизиқмайди, деб ўйлашади. Ундай эмас. Халқ шунақа аҳволда яшаётганини билиб келдик. Тошкент вилоятида катта салоҳият бор. Тоза ҳаво бор. Масалан бу қишлоқдаги энг катта муаммо – бу йўл масаласи. Иккинчиси ишсизлик. Аёллар пишир-куйдирни билишади, лекин сотиш учун дўкон йўқ”, дейди Тошкент вилояти ҳокими.
Зойир Мирзаев ҳокимлик лавозимларида ишлаган даврида 2 йил Самарқанд, 2 йил Қашқадарё, ҳозир эса Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида фаолият олиб борган. У ҳар учта вилоятни фарқлар экан шундай дейди:
“Вилоят бошқарувидаги фарқ унчалик катта эмас. Лекин, қаердадир чапанилик, қаердадир маданият, қаердадир борини ҳам айтмай туришлик ҳолати мавжуд. Халқ ўзимизники, хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради, деб бекорга айтилмаган. Пастки бўғимга эътибор берилса, мактаб, тиббиёт бўлса, ренессансни асоси шу бўлади”.
Содда Пскомликларни хурсанд қилган нарса Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқда тунаши бўлди. Гулхан атрофига йиғилган 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган пскомликлар ҳоким билан эркин суҳбат қилиб, рақсга ҳам тушишди. Ҳоким оддий одамлар даврасида ўтириб, уларнинг дарди-ташвиши ва қувончига шерик бўлди. Мирзаев Пском қишлоғида мақом куйлади. У Ўзбекистон халқ ҳофизи Сойибжон Ниёзовга жўр бўлди.
Шу тариқа Пском қишлоғидаги биринчи кун ўз ниҳоясига етди. Тонг эса доимгиларидан бошқача отди. Эрта тонгдан тандирда ёпилган нон ва қуртоба ичиб, ишимизни бошладик. Вилоят ҳокими Зойир Мирзаев кимнинг хонадонида тунагани ва қишлоқдаги куни қандай ўтгани ҳақида айтиб берди.
“Кеча кам таъминланган оилалардан бирига, Зуҳра опага совға олиб келгандик. У киши “Учта ўғлим контрактда ўқийди, турмуш ўртоғим олти ой аввал оламдан ўтган, 30 миллион кредитимизни ёполмаяпмиз”, деб масала қўйган эдик. Кечқурун шу кишининг уйида қолдик. Ўғиллари билан гаплашдик, ҳаммасини ҳал қилдик. 30 миллион кредитини тўлаб берадиган бўлдик. Солиқ инспекциясининг раҳбари ҳам ўша ерда қолди. У киши контрактни тўлаб беришни ваъда қилди”, дейди Зойир Мирзаев.
Ҳокимнинг тонгда қандай нонушта қилгани билан ҳам қизиқдик.
“Сут ичдик, зўр”, дейди Зойир Мирзаев.
Пскомда ташкил қилинган тадбирлардан яна бири – Кўпкари. Кўпкарига нафақат пскомликлар, балки қўшни қишлоқлардан ҳам меҳмонлар келди.
“Тошкент вилоятида От федерацияси бор, федерациянинг вазифаси кўпкарилар ташкил қилиш. Ички ишлар ходимларига бу ердаги ҳафсаласизликни таъминлаш юклатилган. Кўпкарилар азалдан ўтказилади ва биз анъанани давом эттириш мақсадида хомийлик асосида кичикроқ қилиб ўтказяпмиз”, дейди ҳоким.
Кўпкарига вилоят ҳокими қандай совға билан келгани, унинг от минишга уқуви бор йўқлигига қизиқдик.
“Ўзимни номимдан музлатгич ва уч юз минг сўм пул бердик. Кўпкарида улоқ чопиш даражасида қатнашмаганман. Лекин отга меҳрим бошқача. От миниш ҳам бир санъат. Самарқандда отим бор ва бу жонзот катта эътибор ва харажат талаб қилади”, дейди Тошкент вилояти мэри.
Пском қишлоғига саёҳатимиз шу тарзда ўтди. Ўзининг табиати, меҳрибон ва меҳмондўст одамлари ила ёдда қолган бу қишлоқда анча ўзгаришлар бўлади ва ваъдалар бажарилади, деган умиддамиз.