Журналист ва адвокат ўласи қилиб калтакланди
Олам
−
04 Июль 2023
16267Бугун, 4 июль куни эрталаб Россия Федерацияси таркибига кирувчи Чеченистоннинг Грозний шаҳрида “Новая газета” журналисти Елена Милашина ва адвокат Александр Немовга ҳужум қилинди. Улар ўтирган автомобиль аэропортдан Грознийга кетаётганда ниқобли одамлар уларни тўхтатган. Журналист ва адвокат дубинкалар билан калтакланган ва тепилган. Бу ҳақда “Новая газета” хабар қилди.
Қайд этилишича, журналист ва адвокатнинг телефонлари олиб қўйилган ва уларни блокдан чиқариш сўралган. Шунингдек, жиҳозлари ва ҳужжатлари йўқ қилинган.
Россиялик ҳуқуқ ҳимоячиси, қийноқларга қарши кураш бўйича Россия ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Сергей Бабинецнинг айтишича, ҳужумчилар Милашина ва Немовга улар иштирок этган барча суд жараёнлари ва ишларни эслатган.
“Бу аниқ гуруҳ ҳужуми эмас, балки уларнинг фаолияти учун қилинган ҳужум”, дейди у.
Милашина ва Немов маҳаллий шифохонага ётқизилган. Милашинага ёпиқ краниосеребрал жароҳат ташхиси қўйилган, бармоқлари синган. Юзи ва бошида жароҳатдан қолган излар бор. Немов эса пичоқдан жароҳатланган.
Журналист ва адвокат Россия омбудсмани Татьяна Москалькованинг ёрдами билан хавфсизлиги таъминлаши ва зарур тиббий ёрдам олиши учун Беслан шаҳрига юборилган.
Милашина ва Немовга қилинган ҳужумга парламент, Журналистлар уюшмаси, маъмурият ва Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари кенгаши муносабат билдирди. Сенатор Андрей Клишаснинг айтишича, "Чеченистонда журналист ва адвокатга қилинган ҳужум ҳуқуқ-тартибот идораларидан кескин жавоб талаб қилади". Депутат Александр Хинштейн "журналистларга ҳужумлар (мавқеидан қатъи назар) жиноий ва қабул қилиниши мумкин эмас" деб ёзди ва Давлат Думасининг Ахборот сиёсати қўмитаси Бош прокуратура ва Россия Тергов қўмитасига тергов махсус назорат остида ўтказилиши бўйича мурожаат юборишини қўшимча қилди.
Қайд этилишича, Россия Журналистлар уюшмаси ва Инсон ҳуқуқлари кенгаши ҳужум тафсилотларини ўрганмоқда.
Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзоси Ева Меркачева вазиятни "ғазаблантирадиган" деб атади ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга сўров тайёрлаганини айтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг яна бир аъзоси Александр Брод бу ўта даҳшатли воқеа эканини айтиб, Россия Федерацияси Бош прокуратурасига мурожаат тайёрлаётганини билдирди.
Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналист Елена Милашина ва адвокат Александр Немовга қилинган ҳужумни таъситирчан чоралар кўришни талаб қилувчи жиддий воқеа деб атади. Владимир Путин аллақачон ҳужум ҳақида хабардор қилинган, дея қўшимча қилди у.
LiveБарчаси