Журналист рўмол ўраш талабини бажармади, Эрон Президенти интервьюни тарк этди
Олам
−
24 Сентябрь 2022
24109Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий жорий йилнинг 21 сентябрь куни Нью-Йоркда CNN телеканалининг халқаро бошловчиси Кристиан Аманпур билан сўнгги дақиқада рўмол ўраш талабини рад этганидан сўнг, узоқ вақтдан бери режалаштирилиб келинаётган интервьюни тарк этди.
Суҳбат бошланишидан тахминан 40 дақиқа ўтиб, Раисий кечикаётган бир пайтда, ёрдамчиси Аманпурга Президент унга рўмол ўрашни таклиф қилганини айтди. Аманпурнинг айтишича, у одоб билан таклифни рад этган.
Эрон пойтахти Теҳронда улғайган ва форс тилини равон гапирувчи Аманпур маҳаллий қонунлар ва урф-одатларга риоя қилиш учун Эронда репортажлар пайтида рўмол ўраган, акс ҳолда у журналист сифатидаги вазифасини бажара олмасди. Бироқ, у мамлакатдан ташқарида Эрон расмийси билан суҳбат ўтказиш учун рўмол ўрамаслигини маълум қилган.
“Бу ерда, Нью-Йоркда, ёки Эрондан ташқарида мендан ҳеч бир Эрон Президенти рўмол ўрашни сўрамаган – 1995 йилдан бери мен уларнинг ҳар бири билан суҳбатлашганман – на Эронда, на ундан ташқарида рўмол ўраш сўралган”, дейди у.
Бу ҳақда мухбир CNN телеканалининг 22 сентябрь куни бўлиб ўтган дастурига маълум қилди.
"Мен ўзим, CNN ва аёл журналистлар номидан ҳамма жойда жуда хушмуомалалик билан буни рад этганман, чунки бу шарт нарса эмас”, дейди журналист.
Эрон қонунларига кўра, барча аёллар жамоат жойларида бошини ўраб, кенг кийим кийишлари шарт. Бу қоида Эронда 1979 йилги ислом инқилобидан бери амал қилади ва мамлакатдаги ҳар бир аёл, жумладан, сайёҳлар, сиёсатчилар ва журналистлар учун мажбурийдир.
Аманпурнинг айтишича, Раисийнинг ёрдамчиси Эрон Президентининг Америка ҳудудидаги биринчи интервьюси бўлган мазкур тадбир, агар мухбир рўмол ўрамаса, ўтказилмаслигини аниқ айтган. У буни “ҳурмат масаласи” деб атаган, чунки айни пайтда муқаддас Муҳаррам ва Сафар ойларидир ва мамалакат ичида ҳам бу билан боғлиқ “муаммолар” талайгина.
Ўтган ҳафта Эронда ҳижоб қонунини бузганликда айбланиб, Эрон ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Амини ҳибсда вафот этгани муносабати билан ҳукуматга қарши намойишлар бўлиб ўтди.
Минглаб одамлар кўчаларга чиқди, баъзи аёллар қонунга қарши норозилик билдириш учун сочларини қирқиб, ҳижобларини ёқиб юборишди. Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеолар ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, намойишлар чоғида камида 35 киши ҳалок бўлган, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ҳукумат томонидан шафқатсизларча бостирилган.
Бу намойишлар ўтган йили қаттиққўл Раисий ҳукумати сайланганидан бери кескинлашган Ислом Республикаси бошқарувига қарши энг катта норозилик намойиши бўлиб чиқди. Саккиз йиллик мўътадил Ҳасан Руҳоний маъмуриятидан сўнг, Эрон ўта консерватив Раисийни суд бошлиғи этиб сайлади, унинг қарашлари мамлакатнинг қудратли руҳонийлари ва олий етакчиси Оятуллоҳ Али Ҳумайний қарашлари билан мос келади.
Эронда рўмол одамлар нима кийиши ва нима қилиши мумкинлигини бошқарадиган мамлакатнинг маънавий раҳбарлари томонидан ўрнатилган шахсий қоидалар тўпламининг кучли рамзидир. Сўнгги ўн йил ичида норозилик намойишлари авж олди, чунки кўплаб эронликлар бу чекловлардан норози бўла бошлади.
Аминининг ўлими шахсий эркинликларни чеклашдан ортидан узоқ вақт давомида йиғилиб келган нафратни ошкор қилди. Сўнгги йиллардаги сўровлар ва ҳисоботлар шуни кўрсатадики, эронликлар ҳижоб ёки рўмол мажбурий бўлиши кераклигига ишонмайдилар.
Эрон расмийлари Амини "юрак хуружи" дан сўнг вафот этганини ва комага тушиб қолганини даъво қилди, аммо унинг оиласи Аминида юрак хасталиги бўлганини рад этди. Унинг ўлими ҳақидаги расмийларнинг маълумотларига шубҳа билан қараш ҳам жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлди.
Эрон давлат матбуоти томонидан эълон қилинган видеокузатув камераларида Маҳса Аминининг "қайта тарбиялаш" марказида йиқилиб тушгани акс этган, у ерга у кийим борасида “намуна” олиш учун олиб келинган эди.
CNN журналисти Аманпур Аминининг ўлими ва намойишлар, шунингдек, ядровий келишув ва Эроннинг Украинадаги Россияни қўллаб-қувватлаши борасида Раисий билан савол-жавоб қурўтказишни режалаштирган, бироқ у амалга ошмади.
"Эронда норозилик намойишлари давом этаётган ва одамлар ўлдирилаётган бир пайтда, Президент Раисий билан суҳбат ташкил этиш муҳим жараён бўлган бўларди", деб ёзади у Twitter’да.