Журналист Рухсора Ғафуровага оид иш бўйича суд қарори чиқди
3-саҳифа
−
10 Апрель
15672MY5 телеканали журналисти Рухсора Ғафурова шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда оммага ошкор қилгани юзасидан қўзғатилган иш тугатилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Маълум қилинишича, ушбу иш жорий йилнинг 2 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди биносида кўриб чиқилган.
Ҳужжатга кўра, журналист Г.Б.нинг (Халқ банкининг Жиззах вилояти филиали ходимаси) шахсига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда оммага ошкор қилганликда айбланган.
Ушбу иш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан тугатилган. Масалан, кодекснинг 36-моддаси (маъмурий жазо қўлланиш муддатлари) 2-қисмида бу каби ишлар судда бир ой ичида кўриб чиқилиши белгиланган. Мазкур кодекснинг 271-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 7-қисмида эса ишни кўриб чиқиш пайтига келиб, 36-моддада назарда тутилган муддатлар ўтиб кетган бўлса, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни юритишни бошлаш мумкин эмаслиги ҳамда бошланган иш тугатилиши қайд этилган.
Суд ушбу қонунчилик талабларини инобатга олиб, Рухсора Ғафуровага оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 36-моддасида (маъмурий жазо қўлланиш муддатлари) назарда тутилган маъмурий жазо қўллаш муддатлари ўтиб кетгани сабабли кодекснинг 271-моддаси (маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юритишни истисно этувчи ҳолатлар) 7-бандига асосан тугатишни лозим, деб топган. Қисқача қилиб айтганда, Рухсора Ғафурованинг ишини кўриб чиқиш кечиккани учун бу масала тугатилган.
Рухсора Ғафурова иши
MY5 телеканали мухбири Рухсора Ғафурова Жиззах вилоятида Халқ банки ходимаси бир неча фуқаролар номига кредит расмийлаштириб, уни ўзлаштириб юборгани ҳақида суриштирув эълон қилган эди. Унда мурожаатчилар икки йилдирки ойлик ва пенсия маблағлари ўзларининг номига банк ходими томонидан олинган кредит сабаб банкка ўтиб кетаётганини айтишган. Мазкур суриштирувдан сўнг маъмурий иш очилди. Лекин кредит пулларни бировнинг номига расмийлаштириб, уни ўзлаштириб юборгани айтилган банк ходимига эмас, балки бу муаммони ёритиб чиққан журналистга. 26 февраль куни мазкур иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман судида кўриб чиқилиши керак эди, аммо маълум сабабларга кўра, суд ишни терговга қайтариб юборди.
Халқ банки ходими журналистик суриштирув давомида унинг исми очиқланганидан норози бўлган ва журналистни судга берган. Аммо суриштирув давомида фуқаронинг ўзи у номига кредит олган банк ходимининг кимлигини очиқлаган. Шу сабабдан, журналистнинг адвокати унинг ҳеч қандай қонун-қоидани бузмаганини айтди. Ҳимоя томони фикрига кўра, Рухсора Ғафурова томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилмаган ва шахсий маълумотларни ошкор қилишга қаратилган ҳаракатлар йўқ.
LiveБарчаси
Самарқандда даҳшатли авария содир бўлди.
24 Апрель