Журналист Дунцова Россия МСКга ҳужжатларини топширди

Олам

image

Кеча, 20 декабрь куни журналист, Ржев шаҳар кенгашининг собиқ депутати Екатерина Дунцова Россия Марказий сайлов комиссиясига (МСК) президентликка номзодини кўрсатиш бўйича ўз ташаббус гуруҳини рўйхатга олиш учун ҳужжатларини топширди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида маълум қилди.

“Шу пайтдан бошлаб комиссия ҳужжатларни кўриб чиқиш ва гуруҳни рўйхатдан ўтказиш учун 5 кунлик муддатга эга. Рўйхатдан ўтишни рад этиш учун асослар йўқлигини айтмоқчиман”, деб ёзган Дунцова.

МСК томонидан ижобий қарор қабул қилинса, потенциал номзод сайлов ҳисобини очиши ва имзо тўплаши мумкин бўлади. Ўз-ўзини кўрсатган номзод сифатида Дунцовани январь ойи охиригача 300 минг россиялик қўллаб-қувватлаши керак.

Дунцова сайлов кампаниясида унга ёрдам берадиган, жумладан, Россиянинг кўплаб шаҳарларида очишни режалаштираётган имзо тўплаш марказларида ишлаш учун кўнгиллиларни қидираётганини айтган. У 135 минг потенциал сайловчилар унинг номзодини қўллаб имзо чекишга рози бўлганини таъкидлаган.

Маълумот учун, Дунцова ҳуқуқ ва тележурналистика соҳаларида иккита олий маълумотга эга. У уч фарзанднинг онаси. Унинг сайловолди дастурининг асосий нуқталари – Украинадаги урушни тугатиш, сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва демократик ислоҳотларни амалга ошириш.

У президентликка номзодини қўйиш истагини билдирганидан сўнг журналист прокуратурага чақирилган.

"Улар "махсус ҳарбий операция" ҳақидаги фикримни билишни хоҳлади. Мен ҳеч нарса демаслигимни айтдим ва Конституциянинг 51-моддасига ишора қилдим”, дейди Дунцова.

Журналистнинг ташвиқот видеосида айтилишича, 2022 йил февраль ойида амалдаги Президент “махсус ҳарбий операция" амалга оширилишини эълон қилганидан бери одамлар ҳар куни ўлмоқда.

“Аминманки, улар яшашни хоҳлаган. Биз ҳаммамиз яшашни хоҳлаймиз ва бизга тинчлик керак”, деган Дунцова.

Унинг сўзларига кўра, коррупция оддий ҳол сифатида қабул қилиниши, нафақахўрларга пенсияларининг коммунал хизматлар, озиқ-овқат ва дори-дармонларга зўрға етиши ва мамлакатда ҳамма учун ҳамма нарсани бир киши ҳал қилиши нормал эмас.

"Мен ҳаммамизнинг ва мамлакатимизнинг келажаги бўлиши, сиз ва мен буни биргаликда белгилай олишимиз учун Россия президентлигига номзодимни қўйяпман”, дейди у.

Маълумот учун, амалдаги Президент Владимир Путин ҳам аллақачон 2024 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида номзод сифатида рўйхатга олиш учун ҳужжатларни МСКга тақдим этган. У собиқ спортчилар, амалдорлар ва кекса санъаткорлардан иборат Кремль томонидан йиғилган "ташаббускор гуруҳ" томонидан қўллаб-қувватланиб, расман "ўзини-ўзи кўрсатган" номзодга айланган. "Коммерсантъ" манбаларига кўра, Путиннинг сайлов штабига тан олинмаган “ДХР” парламенти спикери Артём Жога, актёр Владимир Машков ва шифокор Марьяна Лисенко раҳбарлик қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Екатерина Дунцова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг