ЖССТнинг коронавирус бўйича экспертлари Ўзбекистондаги вазиятни ўрганмоқда
Жамият
−
09 Март 2020
10531Айни кунларда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг коронавирусга тайёргарлик бўйича етакчи консультанти Уте Эндерлейн ва ташкилотнинг фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик кўриш дастурининг масъул ходими Жетри Регми Ўзбекистонда бўлиб турибди. Экспертлар дунёда давом этаётган эпидемияга қарши олиб борилаётган чоралар ва профилактик тадбирларнинг техник экспертизасини ўтказишмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Шунингдек, улар Ўзбекистонга кириш ҳудудларидаги санитария-карантин пунктларида назорат ва профилактик тадбирларни ташкил қилиш, даволаш муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш, лабораториялар салоҳиятини мустаҳкамлаш каби қатор масалалар бўйича техник тавсияларини ҳам беришмоқда.
“Биз юртингизда бир ҳафта мобайнида бўлиб, коронавирус инфекциясини четдан кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш, эпидемиологик назоратни кучайтириш борасидаги ишлар ҳалқаро талаблар асосида, ЖССТ томонидан ишлаб чиқилган стандартлар ва тавсияларга мос равишда амалга оширилаётганлигига гувоҳ бўлдик. Юртингизда ушбу инфекцияга қарши барча чоралар кўрилмоқда”, дейди Уте Эндерлейн.
Бундан ташқари, ЖССТнинг экспертлари мамлакат мутахассислари билан ҳамкорликда жаҳондаги коронавирус инфекцияси бўйича эпидемиологик ҳолатни ҳисобга олган ҳолда фавқулодда вазиятларда қандай йўл тутиш бўйича ҳам ўзаро тажриба алмашишмоқда.
Ўзбекистонга юқумли касалликлар, жумладан, “COVID-19” инфекцияси кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларида санитария-карантин пунктларида барча эҳтиёт чоралари кўрилиб, назорат кучайтирилган. Бугунги кунда ушбу пунктларда бошқа тармоқ ходимлари қаторида 250 нафардан зиёд юқори малакали санитария-эпидемиология хизмати масъуллари белгиланган стандартлар бўйича иш олиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлиги ҳузурида узлуксиз 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи штаб ташкил қилинган.
Эслатиб ўтамиз, шу кунгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмаган.