Мирзиёев дунё аҳолиси учун ҳал қилувчи кучга эга шахс сифатида эътироф этилди

Жамият

image

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади. 

Мактубда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ЖССТга тақдим этилгани учун Ўзбекистон раҳбарига миннатдорлик билдирилган. Жумладан шундай деб ёзади ЖССТ раҳбари:

“2020 йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс лойиҳасини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) тақдим этганингиз учун Сизга миннатдорчилик билдириш шарафига муяссарман.

COVID-19 пандемияси бутун дунё бўйлаб ҳамжамиятлар ва мамлакатларга талафот етказишда давом этмоқда. Ўткир халқаро инқирозга дуч келиб, мен фавқулодда глобал етакчилик ва бирдамликка, имкон қадар кенг доирадаги шерикларни бирлаштиришга, кўп томонлама саъй-ҳаракатларни ишга солиш ва ҳеч кимнинг орқада қолиб келмаслигини таъминлашга чақирдим. Салкам бир йилда биз илм-фан, вакциналарни ишлаб чиқиш, соғлиқни сақлаш амалиётидаги мисли кўрилмаган ютуқлар, жамоатчиликни сафарбар қилиш ва сиёсий собитқадамлик туфайли кучли етакчиликка эришишнинг имкони борлигини кўрдик”.

ЖССТ бош директорига кўра, коронавирус пандемия бутун жаҳонда соғлиқни сақлаш тизими заиф эканини кўрсатган ва тиббий ва ижтимоий тенгсизликни кучайтирган. 

“Соғлиқни сақлаш иқтисодий тараққиёт ва хавфсизликда марказий ўрин эгаллашини намойиш этди. Пандемияни назоратга олиб, тикланишга инвестиция йўналтираётган эканмиз, келажакка ҳам тайёргарлик кўришимиз лозим. Бундай вазият яна такрорланишига йўл қўёлмаймиз”, деб ёзади дунё соғлиқни сақлаш тизимига масъул шахс. 

Тедрос Аданом Гебрейесус сўзида давом этаркан, ўзи ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан амалга оширилган ишлар хусусида ҳам ҳисоб берган. 

“Жаноби Олийлари, Халқаро кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласида узоқни кўзлаганингиз ва бу жараёнда етакчилик қилганингиз учун Сиздан миннатдорман. Биз ҳужжатни диққат билан ўрганиб чиқдик. Унда қўйилган вазифаларнинг кўлами ва таклиф этилган амалий ечимлар менда катта таассурот қолдирди. Кодекс лойиҳаси тақдим этилгани ўз вақтида қабул қилинган қарор бўлди.

Ўтган йили биз пандемиядан кўп сабоқ чиқардик ва эндиликда келажакка назар ташлашимиз керак. Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеясининг COVID-19 га қарши чоралар бўйича WHA73.1 резолюциясига мувофиқ мен 2020 йил сентябрь ойида иш бошлаган Халқаро тиббий-санитария қоидаларининг (2005 йил) амал қилишини ўрганиш Қўмитасини чақирдим ҳамда Пандемияга шайликни таъминлаш ва жавоб чоралари бўйича Мустақил гуруҳни таъсис этдим.

Бундан ташқари, аъзо давлатлар томонидан амалга оширилаётган жараён доирасида Халқаро тиббий-санитария қоидаларига қўшимчалар киритиш мақсадида пандемияга шайлик ва жавоб чоралари тўғрисида глобал ҳадли конвенцияни ишлаб чиқиш имконияти юзасидан мунозаралар давом этмоқда. Мазкур масала 2021 йил 18 март куни ўтган ЖССТнинг ташкилотга аъзо давлатлар учун мўлжалланган ахборот сессиясида муҳокама қилинди, бу кўплаб мамлакатларда қизиқиш уйғотди ва кейинги муҳокамалар учун қадам бўлиб хизмат қилди”, дейди у.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори, шунингдек, Мирзиёевнинг халқаро майдонда, хусусан коронавирус пандемиясига қарши курашда ҳал қилувчи ўрин тутишини қайд этиб ўтган. 

“Барчанинг хавфсиз келажагига сармоя киритиш, барқарор ва ишончли соғлиқни сақлаш тизимларини барпо этиш ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай инқирозларга шай туришга тайёргарлик кўриш вақти келди. Жаноби Олийлари, сиёсий етакчилигингиз туфайли Сизнинг бу борадаги иштирокингиз ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Сиз тақдим этган Халқаро кодекс лойиҳаси пандемияни ўрганиш бўйича амалдаги жараёнларга ва пандемияга қарши курашиш бўйича ҳар қандай бўлажак халқаро ҳужжатни режалаштиришга бевосита боғлиқ. Сиз ушбу саъй-ҳаракатларда шахсан иштирок этишда давом этишингизга умид қиламан.

Жаноби Олийлари, COVID-19 пандемиясини олдини олиш ва барчанинг соғлом ва хавфсиз келажагини таъминлаш ишига содиқлигингиз учун Сизга яна бир бор ташаккур билдираман. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жамоат саломатлиги соҳасидаги ушбу глобал фавқулодда вазиятда Сиз билан ҳамжиҳатдир”, деб мактубига якун ясаган Тедрос Аданом Гебрейесус.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев ЖССТ Тедрос Аданом Гебрейесус

Баҳолаганлар

409

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг