ЖССТ коронавируснинг уй ҳайвонларидан одамларга юқишини ўрганмоқда
Олам
−
10 Апрель 2020
2931Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) мутахассислари коронавируснинг одамлар ва уй ҳайвонлари ўртасида тарқалишини ўрганишга киришди. Шунингдек, улар чорва ҳайвонларининг коронавирусга нисбатан заифлик даражасини текширади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 8 апрель куни "Science" журналида чоп этилган тадқиқотга эътибор қаратди. Унда мушуклар коронавирус билан касалланиши мумкинлиги ҳақида ёзилган эди. Шунингдек, итлар ҳам коронавирусга чалиниш эҳтимоли кўпроқ экани таъкидланган. Бундан ташқари, тадқиқотга кўра, товуқ, чўчқа ва ўрдакда вирусга қарши иммунитет аниқланган.
Маълум қилинишича, мушуклар ҳаво томчилари орқали бир-бирларига касалликни юқтириши мумкин. Касал мушукларда вирус оғизда, бурунда ва ингичка ичакда аниқланган.
Кеча, 9 апрель куни, Британия ветеринария уюшмаси, касалланган мушук эгаларига уй ҳайвонларини ташқарида юришига йўл қўймасликни тавсия қилди. Ветеринария шифокорлари эҳтиёт чораси сифатида уй ҳайвонлари эгаларига карантин билан боғлиқ бир қанча маслаҳатларни берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Хитойнинг Ухань шаҳрида 15 фоиз мушукларда коронавирус аниқлангани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси