ЖССТ иккинчи Хитой вакцинасини тасдиқлади 

Олам 1719
image

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Хитойнинг Sinovac коронавирус вакцинасини фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун тасдиқлади. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда.  

“ЖССТ COVID-19 га қарши Sinovac-CoronaVac вакцинасини фавқулодда ҳолатларда фойдаланиш учун маъқуллади, у хавфсизлик, самарадорлик ва ишлаб чиқариш бўйича халқаро стандартларга жавоб беради”, дейилган хабарда. 

Мустақил экспертлар гуруҳи 18 ёшдан ошган катталар учун Sinovac вакцинасини қўллашни тавсия қилган. Таъкидланишича, ёшнинг юқори чегараси белгиланмаган. 

Агентлик маълумотларига кўра, май ойи охирига қадар Хитой ва чет элларда 600 миллиондан ортиқ дозада Sinovac вакцинаси мавжуд бўлиб, улардан 430 миллион дозаси аллақачон қўлланилган. 

Sinovac — ЖССТ томонидан тасдиқланган иккинчи Хитой вакцинаси. Биринчи марта 7 май куни Хитойнинг коронавирусга қарши Sinopharm вакцинаси тасдиқланган. 

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти апрель ойи охирида фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун тавсия этилган коронавирус вакциналари рўйхатига Moderna’ни ҳам киритганди.  

Бунгача ЖССТ томонидан тасдиқланган вакциналар рўйхатига Американинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech компанияси томонидан биргаликда ишлаб чиқарилган Comirnaty вакцинаси, Американинг Johnson & Johnson компанияси вакцинаси, шунингдек, AstraZeneca ва Оксфорд университети вакцинасининг иккита варианти киритилганди.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 31
Рейтинг: 3.2
Теглар
t
×