ЖССТ дунёни Яманга ёрдам беришга чақирди
Олам
−
22 Апрель 2023
5344Тўққиз йиллик можаролар Яманнинг 31,5 миллион аҳолисининг учдан икки қисмини инсонпарварлик ва ҳимоя хизматларига ўта муҳтож қилиб қўйди. Айни пайтда 13 миллионга яқин одамга шошилинч гуманитар тиббий ёрдам зарур. ЖССТ шифокори Яман унутилган гуманитар инқирозга айланишидан огоҳлантирди.
ЖССТнинг Яман соғлиқни сақлаш бўйича фавқулодда гуруҳи раҳбари, шифокор Аннет Хайнзелман БМТ матбуот анжуманида сўнгги сиёсий музокаралар Яманда узоқ муддатли тинчликка эришиш мумкинлигига янги умид уйғотганини таъкидлаган.
“Шунга қарамай, мамлакатнинг заиф соғлиқни сақлаш тизими таназзулга яқинлашмоқда. Халқаро донорларнинг маблағлари мамлакатдаги соғлиқни сақлаш хизматларининг яхшиланиши учун етарли бўлмаяпти”, дейди у.
Хайнзелманнинг айтишича, 5 ёшгача бўлган 540 000 яманлик болалар тўйиб овқатланмаслик оқибатида нобуд бўлиши мумкин.
Бундан ташқари, бутун мамлакат бўйлаб соғлиқни сақлаш муассасаларининг 46 фоизи ходимлар, маблағлар, электр энергияси ёки дори-дармонлар етишмаслиги туфайли тўлиқ хизмат кўрсата олмайди.
1 апрель ҳолатига кўра, БМТ ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан иборат Яман соғлиқни сақлаш кластери 12,9 миллион энг заиф одамларга шошилинч ва ҳаётни сақлаб қолиш учун зарур бўлган 392 миллион долларнинг атиги 62 миллион долларини ёки 16 фоизини олган.
“Касалликларнинг авж олиши, хусусан, қизамиқ, дифтерия, данг, вабо ва полиомиелит Яманда чуқурлашиб бораётган соғлиқни сақлаш инқирозини тезлаштирмоқда”, дейди БМТ шифокори.
Маълумот учун, Яманда 2014 йилда Эронга қўшилган хутий исёнчилар мамлакатнинг кўп қисмини, жумладан, пойтахт Санани қўлга киритганидан бери зўравонлик ва беқарорлик ҳукм сурмоқда.
LiveБарчаси