ЖССТ ҳар йили қанча одам ўз жонига қасд қилишини очиқлади

Олам

image

Дунёда ҳар йили 726 минг одам ўз жонига қасд қилиши оқибатида вафот этади. Бундан ҳам кўпроқ одамлар эса ўз жонига қасд қилишга уринади. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хабар берди.

Маълумотларга кўра, ўз жонига қасд қилиш ҳар хил ёшдаги одамлар томонидан содир этилади ва у 2021 йилда 15–29 ёшдаги шахслар ўртасида ўлимнинг учинчи энг кенг тарқалган сабаби бўлган.

Ўз жонига қасд қилишлар нафақат юқори даромадли мамлакатларда содир бўлади, балки бу глобал муаммо барча минтақалар учун хос. 2021 йилда дунёдаги ўз жонига қасд қилишларнинг қарийб учдан икки қисми (73%) паст ва ўртача даромадли мамлакатларда содир бўлган.

“Ўз жонига қасд қилиш соғлиқни сақлаш тизимига жиддий таъсир кўрсатадиган муаммо бўлиб, у жавоб чораларини талаб қилади. Ўз вақтида илмий асосланган ва кўпинча арзон аралашувлар орқали ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш мумкин. Самарали миллий чора-тадбирларни таъминлаш учун ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли, турли соҳаларни қамраб оладиган стратегия зарур”, дейилади ЖССТ ҳисоботида.

 Кимлар хавф гуруҳига киради?

 Юқори даромадли мамлакатларда ўз жонига қасд қилиш ва руҳий касалликлар (айниқса, депрессия ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиш) ўртасидаги боғлиқлик аниқ кузатилади, шунингдек, аввалги ўз жонига қасд қилиш уринишлари билан ҳам боғлиқ. Шу билан бирга, кўп ўз жонига қасд қилишлар ҳаётий инқироз пайтида, масалан, молиявий ва шахслараро муносабатлардаги муаммолар ёки сурункали оғриқ ва касалликлар каби стрессли вазиятларда импульсив тарзда содир этилади.

Бундан ташқари, ўз жонига қасд қилиш қуролли можаролар, табиий офатлар, зўравонлик ва шафқатсизлик шароитида ёки яқин одамнинг йўқотилиши ва ёлғизлик ҳисси туфайли бўлиши мумкин. 

Ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш ва тўхтатиш

Ўз жонига қасд қилиш ва ўз-ўзига зарар етказишнинг олдини олиш учун бутун аҳоли, турли гуруҳлар ва индивидуал даражадаги чора-тадбирлар қўлланилиши мумкин. ЖССТнинг LIVE LIFE деб номланган ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш концепцияси доирасида қуйидаги самарали ва илмий асосланган чоралар тавсия этилади:

  • Ўз жонига қасд қилиш воситаларига киришни чеклаш (масалан, пестицидлар, ўқотар қуроллар, баъзи дори воситалари);
  • Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини масъулият билан ёритиш учун оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;
  • Ўсмирлар ўртасида ижтимоий ва ҳиссий ҳаётий кўникмаларни ривожлантириш;
  • Суицидал хатти-ҳаракатларга эга бўлган барча шахсларни ўз вақтида аниқлаш, кузатиш ва уларга ёрдам бериш.

Бу чоралар билан бир қаторда қуйидаги асосий вазифаларни бажариш керак: вазиятни таҳлил қилиш, идоралараро ҳамкорлик, муаммодан хабардорликни ошириш, имкониятларни мустаҳкамлаш, молиялаштиришни ажратиш, эпидемиологик кузатув, шунингдек, мониторинг ва баҳолаш.

Қайд этилишича, ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича ҳаракатлар жамиятнинг соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларини, жумладан, таълим, меҳнат, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, адлия, қонунчилик, мудофаа, сиёсат ва оммавий ахборот воситаларини қамраб олувчи ҳамкорликни талаб қилади. Шу муаммонинг кўп қирралилигини ҳисобга олган ҳолда, бу ҳаракатлар комплекс ва кенг қамровли бўлиши зарур.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ суицид LIVE LIFE

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made