“Россия агрессияси”. Эрдўған Жонсон билан Россия учун кутилмаган суҳбат қурди

Жамият

image

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан суҳбатда Швеция ва Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш режаларини қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда бугун, 21 июнь куни Британия ҳукумати раҳбарининг Эрдўған билан суҳбати якунлари бўйича тарқатган хабарида айтилади. 

“Кейинги ҳафтада бўлиб ўтадиган НАТО саммити арафасида Бош вазир Британия Швеция ва Финляндиянинг иттифоққа қўшилишини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади ва Президент Эрдўған билан барча томонлар олдинга йўл топиш учун биргаликда ҳаракат қилишда давом этиши кераклиги ҳақида келишиб олди”, дейилади баёнотда. 

Туркиянинг расмий “Анадолу” ахборот агентлиги эса Эрдўған ва Жонсон ўртасидаги суҳбатни ёритаркан, унда асосий эътибор Россия ва Украина можаросига, айниқса, Украинадаги буғдойни хавфсиз олиб чиқиб кетишга қаратилганини ёзади. Хабарда Россия ва Украина ўртасидаги қуролли тўқнашув “Россия агрессияси” дея изоҳланган. 

“Учрашувда Туркия-Англия муносабатлари ва Россия-Украина уруши, айниқса мудофаа саноати соҳасидаги ҳамкорлик каби минтақавий мавзулар муҳокама қилинди. 

Президент Эрдўған, Украинадаги ғалланинг ўлкадан хавфсиз олиб чиқилиши учун ечим топилиши кераклигини билдирди. 

Давлат раҳбарлари Россия агрессиясини тўхтатиш ва Украина суверенитетини тиклаш муҳимлиги ҳақида келишиб олдилар. 

Президент Эрдўған ва Жонсон, айниқса, ривожланаётган мамлакатларга қаттиқ таъсир қилган Украинанинг дон экспортига қўйилган блокадани зудлик билан олиб ташлаши ҳақида музокара ўтказди.

Борис Жонсон Туркиянинг бу борадаги етакчилиги ва Қораденгиз савдо йўлларини очиқ тутиш қарорини олқишлаганини билдирди”, дейилади хабарда. 

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.

15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Борис Жонсон

Баҳолаганлар

95

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг