Туркия ва Ироқ PKK'га қарши биргаликда курашадиган бўлди

Олам

image

Анқара ва Бағдод терроризмга қарши курашда ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Ироққа расмий ташрифи доирасида имзоланган йигирмадан ортиқ ҳукуматлараро келишувларни имзолаш маросимидан сўнг маълум қилди.

"Терроризмга қарши кураш кун тартибимизнинг асоси бўлди – Туркия замонавий таҳдидга қарши курашда Ироққа ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр", деган Эрдўған. 

Шунингдек, у Бағдодга ташрифи якунлари бўйича имзоланган келишувларни икки томонлама муносабатлардаги бурилиш нуқтаси, деб атаган. 

"Ушбу ҳужжат доирасида хавфсизлик, терроризмга қарши кураш, иқтисод, савдо, энергетика, транспорт, экология, трансчегаравий сувлар, соғлиқни сақлаш ва таълим каби соҳаларда ҳамкорлик қилувчи доимий қўмиталар ташкил этишга қарор қилдик. Бу эса ҳамкорликнинг янги истиқболларини очади", деган у.

Эрдўған Бағдодда Ироқ Президенти Абдул Латиф Рашид ва Бош вазир Муҳаммад ал-Суданий билан учрашган. Музокараларда асосий масалалар – Курдистон Ишчилар партияси (PKK)га қарши курашиш ва шу мақсадда қўшма операцион марказ яратиш, ўзаро савдо, сув ресурсларини тақсимлаш ва нефтни ташиш бўлган. Шунингдек, “Тараққиёт йўли” йирик логистика лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув имзоланган.

Маълумот учун, Эрдўған 12 йил ичида илк бор расмий ташриф билан Бағдодга борди. Туркия Президентининг Ироқ Курдистонининг маркази – Эрбилга бориши ҳам кутиляпти.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрдўғаннинг Ироққа боргани ва ушбу ташрифдан мақсади ҳақида хабар бергандик.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ироқ Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг