Жонсон Шольцни Россияга қарши қайрамоқчи – ОАВ

Олам 7247
image

Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Германия канцлери Олаф Шольцни Россияга қарши қўшимча санкциялар жорий этиш зарурлигига ишонтирмоқчи. Бу ҳақда “The Times” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, 8 апрель куни Германия ҳукумати раҳбари канцлер сифатида биринчи марта Лондонга ташриф буюради ва Британия Бош вазири Борис Жонсон билан учрашади. Ташриф чоғида Жонсон Олаф Шольцга Россияга нисбатан дипломатик, иқтисодий ва ҳарбий босимни кучайтиришни маслаҳат бериши кутилмоқда. 

1 апрель куни нашр Британия ҳукуматидаги юқори мартабали манбасига таяниб, Буюк Британия Германия, Франция ва АҚШ Украинани имкон қадар тезроқ Россия билан тинчлик шартномаси тузишга ундашидан хавотирда эканини ёзган.

Маълумот учун, Германия Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Бучадаги фожиадан кейин, Европа Иттифоқи Украинадаги уруш туфайли Россияга қарши санкцияларни кучайтиришини ва мудофаа масалаларида Киевга ёрдам қўлини чўзишини маълум қилган. Молия вазири Кристиан Линднернинг айтишича, Берлин 4 апрелдан бошлаб ҳамкорлари билан санкцияларни кучайтириш масаласини муҳокама қила бошлайди. Европа расмийлари бу қарорни Украина расмийларининг Буча шаҳридаги воқеалар ҳақидаги хабарлари билан изоҳламоқда. Америка Қўшма Штатлари ҳам “тез орада” Россияга қарши янги санкциялар жорий этишга тайёр.

Эслатиб ўтамиз, Украина расмийлари Киев вилоятининг россияликлар ташлаб кетган Буча шаҳрида кўплаб тинч аҳоли вакиллари қийноқлар билан ўлдирилгани ҳақида хабар бера бошлади. Шаҳарда юзлаб одамлар ваҳшийлик қурбони бўлгани айтилмоқда.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 147
Рейтинг: 2.8
t
×