Жонсон Иккинчи жаҳон уруши каби хавфдан огоҳлантирди 

Олам

image

Россиянинг Украинага “бостириб кириши” 1945 йилдан бери Европадаги энг катта урушга айланиши мумкин. Бу ҳақда Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон BBC билан суҳбатда айтиб ўтди.  

“Биз кўраётган режа ўзининг миқёси бўйича 1945 йилдан бери Европадаги энг катта уруш бўлиши мумкин бўлган нарсага қаратилган деб қўрқаман”, деган Жонсон. 

У Россиянинг Украинага бостириб киришини муқаррар, чунки далиллар бунга ишора қилади деган. Шу билан бирга, Жонсоннинг сўзларига кўра, Россия аллақачон “маълум маънода” ҳужум режасини амалга оширишга киришган. 

“Россия қўшинлари Украинага нафақат Донбасс орқали, балки Беларусь ва Киев яқинидан ҳам кириши мумкин”, деган Жонсон АҚШ Президенти Жо Байденнинг разведка маълумотларига таяниб. 

Қайд этиш керакки, АҚШ ва Ғарб давлатлари сўнгги ойларда Россияни Украинага босқин тайёрлашда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтганди. Аммо ундай бўлмади.  

Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этиб, чегарага қўшин жойлаштирилиши фақатгина ҳарбий машғулот учун эканини таъкидлаётганди. Кремль жорий йилнинг 20 февралигача машғулот ўтказишни белгилаганди. Расмий Москва 15 февраль куни чегарадаги қўшинларини ортга қайтаришни бошлаганини эълон қилди.  

Бироқ бу хабарларга шубҳа билан қараган АҚШ раҳбарияти жорий йилнинг 17 февраль куни Россия Украина билан чегарадаги ҳарбий мавжудлигини 7 минг кишига оширганини эълон қилди. Расмийлар Кремль “исталган вақтда Украинага бостириб киришни оқлаш учун ёлғон баҳонадан фойдаланиши” мумкинлиги ҳақида “далил олишда давом этмоқда”.  

Айтиш жоизки, ҳозирда Украинанинг шарқий ҳудудларида жойлашган россияпараст, ўзини суверен дея атовчи ҳудудлар: Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикаси (ДХР) етакчилари аҳолини Россияга эвакуация қилмоқда. Россия Президенти Владимир Путин эса захирадаги аскар ҳисобланувчи барча Россия Федерацияси фуқароларини ҳарбий тайёргарликка чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Украина

Баҳолаганлар

359

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг